Ўзбекистонга ярим йилда 5,3 млн нафардан зиёд хорижлик сайёҳ ташриф буюрган

126

Юртимизда 2025 йилнинг биринчи ярми туризм соҳаси учун юқори кўрсаткичлар билан якунланди. Миллий статистика қўмитаси маълумотига кўра, жорий йилнинг январь–июнь ойларида қарийб 5,3 миллион нафар хориж фуқароси мамлакатга туристик мақсадларда ташриф буюрган. Бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 1,7 миллионга кўп бўлиб, 48,9 фоизлик ўсиш демакдир.

Туристлар келиш мақсадларига кўра, қуйидагича тақсимланган:

Қариндошларни йўқлаш — 3 596 799 нафар (умумий оқимнинг қарийб учдан икки қисми);

Саёҳат — 783 696 нафар;

Хизмат сафари — 594 023 нафар;

Тижорат — 223 581 нафар;

Даволаниш — 48 557 нафар;

Ўқиш — 9 546 нафар.

Экспертлар фикрича, бундай ўсишга бир қатор омиллар таъсир кўрсатган. Хусусан, визасиз режим яратилган мамлакатлар сони ортиши, авиа ва темирйўл қатновларининг кўпайиши, туристик инфратузилма ривожи, халқаро кўргазма ва реклама кампанияларининг фаоллиги каби омиллар сайёҳлар оқимини оширган.

Мутасаддилар йил охирига қадар туристлар сони янада ортиб, мамлакат туризм соҳаси рекорд кўрсаткичга эришиши мумкинлигини таъкидламоқда. Бу эса ички хизматлар бозори фаоллиги, меҳмонхоналар бандлиги ва янги иш ўринлари яратилишида сезиларли ижобий ўзгаришларга олиб келиши кутилмоқда.

Ҳ.Баянов, ЎзА