Хивада «Қовун сайли-2025» фестивали бўлиб ўтди

93

Хоразм вилоятида анъанавий тарзда ўтказиладиган «Қовун сайли» фестивали бу йил ҳам кенг нишонланди. 15 йилдан бери мунтазам ўтказилиб келинаётган ушбу маданий ва аграр тадбир бу сафар «Арда Хива» сайёҳлик мажмуасида бўлиб ўтди.

Фестивальда Қорақалпоғистонлик делегация аъзолари ҳам иштирок этди. Қовуннинг 150 тури мавжуд бўлиб, шундан 50 дан ортиқ навлари Хоразм вилоятида етиштирилади. Тадбир доирасида вилоятнинг 12 та туман деҳқонлари томонидан етиштирилган қовунлар кўргазмаси ташкил этилди. Меҳмонлар ва иштирокчилар ўзига хос таъм ва шаклга эга қовун навлари билан яқиндан танишдилар.

Бу йилги фестиваль ўзгача ранг-барангликка эга бўлиб, унда театрлаштирилган саҳналар, маданий чиқишлар ва турли кўргазмалар намойиш этилди. Хорижлик сайёҳлар ҳам фестивальда фаол иштирок этиб, ўз таассуротларини билдирдилар.

Уч кун давом этган «Қовун сайли-2025» фестивали ёпилиш маросими билан якунланди. «Арда Хива» халқаро туризм марказида ўтказилган маросимда Хоразм вилояти ҳокими Жўрабек Рахимов ғолиб ва совриндорларни табриклаб, барча иштирокчилар ҳамда чет эллик меҳмонларга миннатдорчилик билдирди.

Ҳакамлар ҳайъати қарорига кўра, Урганч шаҳри «Энг яхши тақдимот» номинацияси бўйича олий ўринни эгаллаб, «Tracker» автомобили билан тақдирланди. Шунингдек, 1-, 2- ва 3-ўринларни эгаллаган шаҳар ва туманлар ҳамда турли номинация ғолибларига енгил автомобильлар ва қимматбаҳо совғалар топширилди.

Ёпилиш маросими машҳур эстрада юлдузлари ва эл севган санъаткорлар иштирокидаги гала-концерт билан давом этди. Дастур якунидаги байрам мушакбозлиги эса барчага кўтаринки кайфият улашди.

Азизбек Дабылов,

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги шарҳловчиси