Қорақалпоғистон Республикаси хабарлари – қисқа сатрларда

117

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси Ф.Эрманов Озарбайжон Республикаси “Farchitects” компанияси директори Ф.Сафгулиев билан учрашди.

Музокаралар давомида инвестор томонидан Қорақалпоғистон Республикасида амалга оширилиши режалаштирилаётган лойиҳалар, хусусан, Оролбўйида замонавий боғча ва мактаб биноларини қуриш бўйича тақдимот ўтказилди. Озарбайжонлик инвестор томонидан таклиф этилган ушбу лойиҳалар Қорақалпоғистонда таълим тизимини ривожлантиришга қаратилган бўлиб, уларнинг тўлиқ беғараз (ҳомийлик асосида) амалга оширилиши режалаштирилган.

Учрашув якунида томонлар ўзаро ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, белгиланган лойиҳаларни амалиётга татбиқ этиш юзасидан фикр алмашишди.

***

Қорақалпоғистон Республикасида “Президентнинг қобилиятли фарзандлари” Миллий дастурига қабул имтиҳони бўлиб ўтди.

Мамлакатимизда инсон капиталини ривожлантириш, иқтидорли ёшларни эрта аниқлаш ва глобал меҳнат бозорида рақобатбардош бўлган юқори малакали мутахассислар тайёрлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 15 майда “Президент иқтидорли фарзандлари ташаббусини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги фармони қабул қилинди. Мазкур фармон ижроси доирасида Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги тизимидаги “Президент иқтидорли фарзандлари” миллий дастури юзасидан илк бор қабул имтиҳонлари ташкил этилди.

Ушбу имтиҳонларда Қорақалпоғистон Республикасидан 3 минг 281 нафар ўқувчи иштирок этди.

***

Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти Мўйноқ тумани  бўлими ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда кучли таъсир қилувчи дори воситалари савдоси билан шуғулланиб келган шахс ушланди.

Жумладан Ж. Б. фуқаро А. Р. га 140 та капсуладаги “Molecule Plus” номли инсон руҳиятига кучли таъсир қилувчи дори воситасини 1,4 миллион сўмга сотган вақтида ушланди. Унинг ёнидан сотиш мақсадида олиб келинган 6 турдаги жами 886 дона кучли таъсир қилувчи дори воситаси ашёвий далил сифатида олинди.

Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддаси билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракати олиб борилмоқда.

Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири