Янги прокурор Мўйноқ туманидаги ишлар билан танишди

108

Қорақалпоғистон Республикаси прокурори Ш. Аминов томонидан Мўйноқ туманида ижтимоий ва иқтисодий соҳада амалга оширилаётган ишлар аҳволи ўрганилди.

Хусусан, “қизил” тоифадаги “Қизил жар” овул фуқаролар йиғинида маҳалла еттилиги, маҳалла фаоллари ва нуронийлар билан учрашиб, ҳудудда жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларга қарши курашиш ва олдини олиш, аҳоли бандлигини таъминлаш, аҳолининг ижтимоий-иқтисодий муаммоларини ҳал қилиш борасида қилинган ишлар билан танишди.  Шунингдек,  келгусида ишларни самарали ташкил этиш ва ижобий натижаларга эришиш мақсадида ҳамкорликдаги вазифалар белгилаб олинди.

Сўнгра,  ушбу маҳаллада барпо этилаётган ижтимоий соҳа объектларида бўлиб, олиб борилаётган қурилиш жараёнларида жамоатчи назоратчиларнинг ролини кучайтириш, қурилиш ишларини сифатли ва ўз вақтида якунига етказиш борасида топшириқлар берди.

Туманнинг “Учсой” овул фуқаролар йиғини ҳудудидаги «Ўзбекнефтгаз» акциядорлик жамиятига қарашли Устюрт газ қазиб чиқариш бошқармасининг 1-сонли қудуғида  аниқланган юқори босимли газ заҳирасини жиловлаш, ушбу табиий ресурсдан мақсадли фойдаланишга қаратилган ишлар юзасидан мутахассисларнинг ҳисоботи тингланди ва ушбу ҳудуд аҳолиси билан учрашув ташкил этилди.

Бундан ташқари, туман прокуратураси ходимларига яратилган иш шароитлари, уларнинг касбий кўникма ва билимлари билан танишди. Идорада ишчанлик муҳитини яратиш, ҳодимларнинг билим савиясини ошириш борасида топшириқлар берди.

Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири