Саховатли ва келажакка ишонч билан қараётган тадбиркор
Кейинги йилларда мамлакатимизда тадбиркорлар учун кенг имкониятлар яратиб берилмоқда. Яратилаётган шароитлардан тўғри фойдаланиб, бошқаларга ибрат кўрсатиб ишлаётган тадбиркорларимиз кўп. Шулардан бири қорақалпоғистонлик Алишер Жуманазаровдир.
2015 йилдан буён у “Shumanay agro impeks”, “Taxtakupir Agro Impeks» ва “Aspantay Agro Impeks” каби корхоналарни ўз ичига олган йирик аграр экспорт тармоғини бошқармоқда. Ушбу корхоналар хорижга ҳўл мева ва сабзавотлар: узум ва гилосдан тортиб, сабзи, қовун ва ҳатто оддийгина бақлажон етказиб беришга ихтисослашган.
Корхоналар томонидан 2022-2024 йилларда умумий қиймати 12,2 миллион АҚШ долларидан ортиқ бўлган 46 минг тоннадан ортиқ маҳсулот экспорт қилинди. Натижалар ҳайратланарли – режалар 120-125 га ошириб бажарилди.
– Менинг мақсадим Ватанимга хизмат қилиш. Биз ишлаб чиқараётган ҳар бир килограмм маҳсулот фақат иқтисодий фойда эмас, балки Ўзбекистоннинг бренди, халқимизнинг заҳматкаш қиёфаси, – дейди А. Жуманазаров фахр билан.
Сўнгги йилларда Ўзбекистонда экспортчиларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш сезиларли даражада кенгайди. Соддалаштирилган божхона тартиблари, логистика учун давлат субсидиялари, махсус солиқ имтиёзлари, “Экспортни қўллаб-қувватлаш жамғармаси» дастурлари ва давлат кафолати остида молиялаштириш –буларнинг барчаси республикада ўрта ва йирик бизнесни ривожлантириш учун асос бўлди. Бу қишлоқ хўжалиги экспортида катта ютуқларни таъминлади: расмий маълумотларга кўра, 2024 йилда Ўзбекистоннинг агроэкспорт ҳажми 2,9 миллиард долларга етди, бу ўтган йилга нисбатан 17 фоизга кўпдир.
Алишер Жуманазаров нафақат ислоҳотлар билан ҳамнафас бўлган, балки уларнинг ёрқин намунасига айланган инсонлардан биридир. 2025 йилда унинг корхоналари аллақачон 11,1 миллион АҚШ доллари миқдорида шартномалар тузган, шунингдек, экспорт салоҳиятини янада ошириш учун Қорақалпоғистонда янги логистика маркази қурмоқда – бу етказиб бериш ҳажмини ошириш ва маҳсулотларни халқаро стандартлар бўйича сақлашни яхшилаш имконини беради.
А. Жуманазаровнинг корхоналарида турли миллат вакиллари бўлган 50 дан ортиқ ишчи-ходим ишлайди: ўзбек, қорақалпоқ, қозоқ, рус, туркман, тожиклар. У ўз ишчиларини эшита олади ва ҳар бирининг меҳнатини ҳурмат қилади.
– Мукаммал жамоа – муваффақият калити. Ишчиларимсиз мен ҳеч нарсага эришмаган бўлардим, – дейди у.
2024 йилда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесига бўлиб ўтган сайловда Алишер Жуманазаров ЎзЛиДеП дан ўз номзодини қўйди ва ғалаба қозонди. Депутатлик фаолияти унинг тадбиркорлик фалсафасининг мантиқий давоми бўлди: «Имконият бўлса, ёрдам бер». Сайловдан кейинги дастлабки олти ойда у маҳаллаларни ободонлаштиришдан тортиб, йўл, сув ва газ билан боғлиқ инфратузилма муаммоларини ҳал этишгача бўлган қарийб 200 миллион сўмлик ҳомийлик лойиҳаларини амалга оширди.
Унинг ҳаётида хайрия алоҳида ўрин тутади: ҳар йили кам таъминланган оилалар, ёлғиз кексалар ва муҳтожларга ёрдам беради. Биргина ўтган йилнинг ўзида 500 миллион сўмдан ортиқ озиқ-овқат маҳсулоти ва мевали кўчатлар етказиб берилди. Бу шунчаки қўллаб-қувватлаш эмас, инсоний меҳрдир.
А. Жуманазаровнинг ёшлар тарбиясига қўшган ҳиссаси ҳам муҳим аҳамиятга эга. У ёш тадбиркорларга фаол маслаҳатлар бериб, тажриба алмашади ва уларга ўз бизнесини йўлга қўйишга ёрдам беради. Унинг кўплаб шогирдлари бугунги кунда туманларда қишлоқ хўжалиги ва маҳсулотларни қайта ишлаш бўйича етакчиларга айланмоқда.
Алишер Жуманазаров замонавий ўзбек тадбиркори қандай бўлиши кераклигининг намунаси: ҳалол, узоқни кўра оладиган, сахий ва халқига содиқ.
Келажакка ишонч билан қараётган А. Жуманазаров каби инсонлар келажакни янада ёрқин қилишмоқда.
Амангул Есмуратова,
ЎзЛиДеП Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши
жамоатчилик билан алоқалар, ахборот сиёсати ва мафкуравий ишлар бўлими мудири.
ЎзА