Спорт хабарлари

Эрон Суперкубоги: “Трактор” – “Истиқлол” ўйнайди
Бугун Эрон Суперкубоги баҳси бўлиб ўтади. Унда “Трактор” ҳамда “Истиқлол” жамоалари ўзаро тўқнаш келади. Беллашув соат 21:00 да бошланади. “Трактор” сафида Одил Ҳамробеков майдонга тушиши мумкин. Жалолиддин Машарипов ҳамда Рустам Ашурматов жароҳат сабаб учрашувда иштирок этмайди.
Академик эшкак эшишда 2 та кумуш медаль
Литванинг Тракай шаҳрида ёшлар ўртасида академик эшкак эшиш бўйича жаҳон чемпионати бўлиб ўтди. Ўзбекистон терма жамоаси тарихда илк бор 2 та кумуш медални қўлга киритди. JW2 йўналишида Райҳон Сатторова ва Айдана Сметуллаева, JM1x йўналишида эса Жамол Турғунов шоҳсупанинг иккинчи поғонасига кўтарилди.
“Кристал Пэлас” Англия Суперкубоги соҳиби
Англия Суперкубоги доирасида “Кристал Пэлас” ҳамда “Ливерпуль” жамоалари ўзаро куч синашди. Асосий вақт 2:2 ҳисобида якунланди. Пенальтилар сериясида “Кристал Пэлас” 3:2 ҳисобида ғалаба қозониб, чемпионликни қўлга киритди.
Велоспорт: Ўзбекистон – Осиёнинг энг яхши жамоаси
Хитойда ўтказилган “Trans-Himalaya Cycling Race” веломусобақаси якунланди. Ўзбекистон терма жамоаси Осиёнинг энг яхши жамоаси деб топилди ва мусобақа кубоги билан тақдирланди.
Roland Garros Junior Series: Абдуллаев Япония финалига йўлланма олди
Қозоғистоннинг Олмаота шаҳрида бўлиб ўтган Roland Garros Junior Series саралаш босқичида Акмал Абдуллаев 2-ўринни эгаллади. У 2025 йил Японияда ўтадиган финал босқичида иштирок этади. Алан Зинатулин – 3-ўрин, Абдураҳмон Каримов – 7-ўрин, Кейра Ким эса 6-ўринни эгаллади.
«Янги Ўзбекистон Олимпия чўққилари»: саралашлар давом этмоқда
Тошкент ва Сурхондарёда “Янги Ўзбекистон Олимпия чўққилари” мусобақалари ўтказилди. Термизда бокс бўйича саралаш баҳслари давом этмоқда. Тошкентда эса таэквондо WT бўйича саралаш беллашувлари ташкил этилди. Унда 120 нафар ёш спортчи ғолиблик учун кураш олиб борди.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА