ЕИ вазирлари Путин – Трамп учрашуви олдидан йиғилади (+видео)
Европа Иттифоқи ташқи ишлар вазирлари дўстлик ва хавфсизлик масаласи бўйича шошилинч мажлисга чақирилди, деб хабар берди Euronews.
Европа дипломатияси раҳбари Кая Каллас маълум қилишича, йиғилишнинг асосий мавзуси – Украинадаги вазият ва АҚШ Президенти Дональд Трамп ҳамда Россия Президенти Владимир Путин ўртасидаги бўлажак музокара.
Таъкидланишича, икки йирик давлат томонидан имзоланадиган ҳар қандай келишув Украина ва ЕИга ҳам дахлдор бўлиши шарт.
– АҚШРоссияни жиддий мулоқотга жалб этиш ҳуқуқига эга, аммо Украина ва Европа Иттифоқи иштирокисиз бундай битим минтақа хавфсизлигига таҳдид солади, – деди у.
Каллас хулосасига кўра, халқаро ҳуқуқ нуқтаи назаридан вақтинча эгалланган барча ҳудудлар Украинага тегишли. Шу боис бирор ҳужжат Украина, Европа, на Трансатлантик хавфсизлик иттифоқи манфаатига зарар етказиши керак эмас. ЕИ ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили маълум қилишича, навбатдаги йиғилишда Яқин Шарқ ва Ғазодаги вазият ҳам муҳокама қилинади.
15 август куни Аляскада Трамп ва Путин учрашуви ўтказилиши тўғрисидаги хабар Украина томонидан жиддий эътироз билан қарши олинди. Президент Владимир Зеленский Киев иштирокисиз ҳеч бир музокара ўтказилмаслиги шартлигини таъкидлаб, шундай деди:
– Украинасиз қабул қилинган ҳар қандай қарор тинчликка қарши ташланган қадам сифатида самарасиз, амалга ошмайдиган ўлик қарордир.
ЕИ етакчилари – Франция Президенти Эммануэль Макрон, Италия Бош вазири ЖоржаМелони, Германия Канцлери Фридрих Мерц, Британия Бош вазири Кир Стармер, Европа комиссияси раҳбари Урсула фон дер Ляйен ва Финляндия Президенти Александр Стубб ҳам якшанба куни биргаликда қуйидаги баёнот билан чиқишди:
– Украинада тинчликка фақат Киев иштирокида эришилади. Халқаро чегаралар куч билан ўзгартирилиши мумкин эмас.
Айрим манбаларга кўра, Россия ўт очишни тўлиқ тўхтатиш эвазига Украинага Донецк ва Луганск Халқ Республикалари дея аталган тузумлардан воз кечишни таклиф қилган. Украина ва ЕИ эса бунга ўз шарти билан жавоб қайтармоқда. Шартлар АҚШ вице-президенти Жей Ди Венс, Давлат котиби Марко Рубио, Украинадаги АҚШ элчиси Кит Келлог ва Президент маслаҳатчиси Стив Уиткофф иштирокида муҳокама қилинган. Яъни, Россия билан кечадиган ҳар қандай мулоқотда Украина ва Европа томонлари иштирок этиши шарт.
АҚШ расмийлари билан мазкур келишув Англияда шанба куни бўлиб ўтган.
Кенжа Бекжонов, Улуғбек Тўхтаев (видео), ЎзА