Давлат ва нодавлат олийгоҳлари ўртасидаги танлов

150

Ўзбекистонда олий таълим тизимини ривожлантириш ва таълим сифатини ошириш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. Сўнгги йилларда хусусий университетлар сони сезиларли ошиб, уларнинг жаҳон таълим стандартларига мослашуви ҳақида кўплаб мунозаралар юзага келмоқда. Аммо айрим ижтимоий қатламларда хусусий олийгоҳларнинг келажаги ҳақида кўплаб шубҳалар, дипломнинг қиймати ва университетларнинг ёпилиб кетиши хавфи ҳақида хавотир мавжуд.

Давлат олийгоҳлари узоқ йиллик тарихга эга бўлиб, кўплаб етук мутахассислар етиштирган. Бу уларнинг ривожланишидаги энг муҳим афзалликдир. Давлат бюджети ҳисобидан молиялаштирилиши натижасида эса, ўқиш нархи арзон ва стипендиялар ҳам мавжуд. Ушбу университетларда илмий-тадқиқот ишлари ривожланган, илмий лойиҳалар ва грантлар фаол қўллаб-қувватланади. Давлат томонидан белгиланадиган таълим стандартлари ва назорат тизими мавжудлиги сифатни назорат қилиш имконини беради.

Камчиликларига келадиган бўлсак, баъзи давлат университетларида таълим дастурлари замонавий талаблар ва бозор эҳтиёжларига мослашолмаётган бўлиши мумкин. Бундай олийгоҳларда aнъанавий ва назарияга асосланган методикалар кўп қўлланилади, амалий кўникмаларга эътибор камроқ бўлиши мумкин. Талабалар сонининг кўплиги сифат назоратини пасайтириши мумкин.

Кўплаб хусусий университетлар янги, жаҳон стандартларига мос таълим дастурларини жорий қилмоқда ва амалий йўналишларга урғу берилмоқда. Ўқув жараёнида замонавий технологиялар, интерактив методлар кенг қўлланилади. Ўқув дастурлари тез янгиланади, талабалар учун малака ошириш ва қўшимча курслар ташкил этилади. Талаба билан индивидуал иш кўпроқ бўлади, кичик гуруҳларда ўқиш имконияти яратилади.

Кўпчиликка сир эмас, айрим хусусий университетлар учун молиявий қийинчиликлар ёки бошқарув муаммолари мавжудлиги, баъзида университетларнинг ёпилиш хавфини келтириб чиқаради. Ўзининг қисқа тарихи сабабли, баъзан хусусий университет дипломлари иш берувчилар орасида етарлича ҳурматга эга бўлмаслиги мумкин. Давлат томонидан таълим сифати ва университет фаолиятининг мунтазам назорат қилиниши ҳам баъзан етарли эмас.

Ўзбекистонда хусусий олийгоҳларнинг келажаги ҳақида кўплаб нотўғри тушунчалар мавжуд. Диплом қийматсиз бўлиши ёки университет ёпилиши мумкин деган хавотирлар айрим оилаларда кенг тарқалган. Аммо ҳозирги хусусий университетларнинг кўпчилиги жаҳон стандартларига мос таълим тизимини жорий қилмоқда, халқаро аккредитацияларни олишга интилмоқда.

Аксарият хусусий университетлар Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги томонидан расмий рўйхатдан ўтказилган ва дипломлари давлат томонидан тан олинади. Университет ёпилиши эҳтимоли ҳар қандай ташкилот учун мавжуд, аммо сифатли бошқарув ва молиявий барқарорликка эътибор билан бу хавфни камайтириш мумкин. Дунёнинг кўплаб давлатларида хусусий олийгоҳлар таълим соҳасида муҳим роль ўйнайди ва юқори сифатни таъминлайди. Мисол учун, дунёнинг энг машҳур ТОП-10 университетларидан бири бўлган Станфорд университети ҳам хусусий олийгоҳ ҳисобланади. Маълумотларга қараганда, ушбу университетда таълим тизими энг етакчи ҳисобланади ва шунга яраша Станфордда ўқишни истаган талабалардан юқори стандарддаги билим ва кўникмалар талаб этилади.

Сўнгги йилларда Ўзбекистонда ҳам нодавлат олий таълим муассасаларига бўлган талаб ортиб бормоқда. HEMIS тизими маълумотларига кўра, 2024 йилда энг кўп талабага эга хусусий университетлар рўйхати ҳам эълон қилинган. Мисол учун, Тошкент Кимё халқаро университети, Осиё халқаро университети, Алфраганус ва Амалий фанлар университетлари шулар жумласидан. Олийгоҳлардаги таълим сифати ва талабалар сони давлат олийгоҳлари билан бемалол рақобатлаша олади.

Давлат ва нодавлат университетларнинг ҳар бири Ўзбекистонда ўз ўрнига эга. Давлат университетлари барқарорлик ва анъанавий сифатни таъминласа, нодавлат университетлар инновациялар ва замонавий таълим тизимини ривожлантиришга хизмат қилади. Энг муҳими, олий таълим танловида ҳар бир талаба ўз мақсадлари, қобилияти ва молиявий имкониятларини инобатга олиб, тўғри қарор қабул қилиши зарур.

Дилдора ДЎСМАТОВА

ЎзА