Ўзбекистон ва Швейцария чармсаноати чиқиндиларидан юқори сифатли минерал ўғитлар ишлаб чиқаради

121

Ўзбекистонда экологик барқарорликни таъминлаш ва “яшил” иқтисодиётни ривожлантириш йўлида амалий қадамлар тобора кучаймоқда. Давлат ва хусусий сектор ҳамкорлигида амалга оширилаётган лойиҳалар нафақат атроф-муҳит муҳофазасига, балки маҳаллий иқтисодиётнинг янги технологиялар асосида ривожланишига ҳам хизмат қилаётир.

Айнан шу йўналишда “Ўзчармсаноат” уюшмаси Швейцариянинг экологик инновациялар соҳасидаги етакчи компанияси бўлган “SWISS GROW” билан ҳамкорликда йирик лойиҳага қўл урмоқда.

Таъкидлаш жоиз, жорий йил “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил” иқтисодиёт йили” деб эълон қилиниши мамлакатда экологик ислоҳотлар ва инновацион технологияларни жорий этишга кенг йўл очди. Шунга кўра,  “Ўзчармсаноат” уюшмаси ва “SWISS GROW” компанияси ўртасида ҳамкорлик бўйича музокаралар ўтказилди.

Томонлар мазкур лойиҳани татбиқ этиш ва бу борадаги дастлабки саъй-ҳаракатлар юзасидан фикр юритди. Уларнинг таъкидлашича, лойиҳа доирасида чарм маҳсулотларини қайта ишлаш жараёнида пайдо бўладиган чиқиндилардан қишлоқ хўжалиги учун юқори сифатли минерал ўғитлар ишлаб чиқариш кўзда тутилган. Илгари бундай чиқиндилар кўпинча йўқ қилиниб, иқтисодий фойда келтирмасдан йўқотиб келинган.

Уюшма ахборот хизмати раҳбари Азиз Каттаевнинг маълум қилишича, “SWISS GROW” томонидан таклиф этилаётган технологиялар эса уларни қимматли ресурсга айлантириб, бир вақтнинг ўзида атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва аграр соҳани маҳаллий, экологик тоза ўғит билан таъминлаш имконини беради.

–Дунё тажрибасида бу каби икки томонга фойда берувчи усуллар Европа ва Жанубий Корея каби ривожланган давлатларда амалда қўлланиб, ўз самарасини кўрсатган. Ўзбекистон эса бу технологияни фақат импорт қилиш билан чекланмай, маҳаллий ишлаб чиқариш занжирига интеграция қилиш ниятида. Музокараларда лойиҳани амалга ошириш шартлари, ҳуқуқий асослар ва зарур инфратузилмалар муҳокама қилинди. Биринчи босқичда чармсаноати чиқиндиларининг камида 60 фоизи қайта ишланиши режалаштирилган. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, инвестиция ҳажми 2 миллион долларни ташкил этади, – деди у.

Мутасаддиларга кўра, ушбу ташаббус нафақат иқтисодий фойда келтиради, балки Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги нуфузини ҳам оширади. Чарм саноати чиқиндисини қимматли ўғитга айлантириш – ресурслардан оқилона фойдаланиш ва келажак учун барқарор ечим яратиш йўлидаги муҳим қадам.

Насиба Зиёдуллаева,

ЎзА