Нукус шаҳрида янги оилавий поликлиника очилди

338

 

Нукус шаҳридаги Қутли қонис маҳалла фуқаролар йиғинида аҳоли саломатлигини сақлаш соҳасида яна бир қулайлик яратилиб, замонавий талабларга жавоб берадиган 11-сонли оилавий поликлиниканинг очилиш маросими бўлиб ўтди.

Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг қўмита раиси М.Атамуратов, Соғлиқни сақлаш вазири М.Қурбонов, Нукус шаҳри ҳокими А.Данияров, шунингдек, тиббиёт ходимлари ва ҳудуд аҳолиси иштирок этди.

Тадбирда таъкидланганидек, сўнгги йилларда мамлакатимизда соғлиқни сақлаш соҳасини тубдан такомиллаштириш, тиббий хизмат кўрсатиш сифати ва самарадорлигини ошириш, жамиятда соғлом турмуш тарзини шакллантириш, тиббиёт соҳасини замон талаблари даражасига олиб чиқиш борасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Поликлиникада умумий амалиёт шифокорлари, болалар ва аёллар шифокорлари, лаборатория ҳамда диагностика бўлимлари иш бошлади. Замонавий тиббий жиҳозлар, шинам қабулхоналар ва ёруғ интерьер беморлар учун қулайлик яратади, албатта.

– Янги бино ва замонавий қулайликларга эга поликлиниканинг очилиши бизнинг орзуимиз эди. Илгари бундай шароит учун шаҳар марказига боришга тўғри келарди. Энди сифатли тиббий хизмат уйимиз ёнида, – дейди маҳалла тўрғуни Жамила Раметуллаева.

– Менга энг ёққани – болалар бўлими бўлди. Энди кичик ёшдаги фарзандларимни яқин, тоза ва қулай жойда кўрсатиш имкониятим бор. Бунинг учун раҳбарларимиздан миннатдормиз, – дейди ёш она Дилбар Раметуллаева.

Малакали мутахассислар ҳар бир беморга индивидуал ёндашиб, бу ерда даволаш билан бирга профилактика ишларига ҳам катта эътибор қаратилмоқда.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги