Бир қизнинг IT сафарномаси: Абдикеримова Лаззат билан суҳбат

Сўнгги йилларда Қорақалпоғистон Республикасида ахборот технологиялари (IT) соҳасига бўлган эътибор сезиларли даражада ортди. Президентимиз ташаббуслари ва давлат дастурлари асосида IT инфратузилмаси кенгаймоқда, замонавий бинолар қурилмоқда, ёшлар учун таълим ва иш имкониятлари яратилмоқда.
Нукус шаҳрида қурилган янги 17 қаватли IT Park биноси — бунинг яққол намунаси. Замонавий дизайн асосида қурилган мазкур марказ Тошкентдаги IT Park билан ҳамоҳанг тарзда барча зарур техник ва иш шароитларига эга. Ёшлар, стартапчилар ва хорижий инвесторлар учун бепул офислар, халқаро компаниялар билан ҳамкорлик имкониятлари — буларнинг барчаси янги босқичдаги IT муҳитини шакллантирмоқда.
Суҳбат қаҳрамони — Абдикеримова Лаззат
Биз бугун IT соҳасида ўз йўлини топган ёш ва илҳомлантирувчи аёл — Абдикеримова Лаззат билан суҳбатлашдик. Унинг ITга олиб келган сафарномаси кўпчилик учун мотивация бўлиши шубҳасиз.

— IT соҳасига қандай кириб келдингиз?
— Аслида мен инглиз тилидан дарс берардим. Ёшлар ишлари агентлигида ишлаётган чоғимда «IT Woman Tech» лойиҳасини кўриб қолдим. Лойиҳага кириш учун тест имтиҳонидан ўтдим ва кучли 30 қиз орасига кирдим. 6 ой давомида SMM бўйича ўқиб, IT Park’да иш бошладим. Шу пайтдан бошлаб IT менинг ҳаётимни тубдан ўзгартирди.
— Илк иш шароитларингиз қандай эди?
— Олдинги IT Park биноси кичик ва совуқ эди, икки хонали жойда ишлардик. Кейинроқ икки қаватли бинога кўчдик. Ҳозир эса Нукусдаги 17 қаватли замонавий IT Park биносида фаолият юритяпмиз. Бу ерда ҳар қандай IT фаолият учун шароитлар бор.

— Янги IT Park имкониятлари ҳақида нима дейсиз?
— Президентимиз соҳага катта эътибор қаратмоқда. Хотин-қизларни ITга жалб қилиш, уларни раҳбар лавозимларига тайёрлаш бўйича ҳам кўп ишлар қилинмоқда. Ёшлар учун бир йилгача бепул офислар ажратилган. Шунингдек, хорижий инвесторлар, машҳур компания менежерлари ҳам бу ерда фаолият юритяпти.
— Келгусида қандай режаларингиз бор?
— Хотин-қизларни IT соҳасига жалб қилиш, уларнинг даромад топиши ва иш билан таъминланишига ёрдам берадиган лойиҳалар ишлаб чиқиш ниятим бор. Шу билан бирга, ўз IT компаниямни ҳам очишни режалаштиряпман.
— Соҳадаги асосий муаммолар ҳақида нима дейсиз?
— Асосий муаммо — кадрлар етишмовчилиги. Ёшлар кўпроқ ўқиши, ўрганиши ва ўз устида ишлаши зарур. Яна бир масала — кўпчилик ITнинг афзалликларини тўлиқ тушунмайди. Қизиқишни оширмасак, кадрлар масаласини ҳал қила олмаймиз.

— Ёшлар учун сизнинг маслаҳатингиз?
— Мақсад қўйсангиз, унга эришгунча тўхтаманг. Қийинчиликлар бўлади, лекин йўлдан қайтманг. «Йўқ» деган баҳонани излаш ўрнига, ўрганиш учун имконият изланг. Бизга келинг, биз ёрдам берамиз.
— Университетда ўқиш шартми?
— Албатта. Университет нафақат билим, балки жамият билан аралашиш, фикрлаш маданиятини ҳам ўргатади. Бу эса ITда муҳим.
Қисқа саволлар — тезкор жавоблар

— TOP IT мамлакатлар?
— Жанубий Корея, Хитой, Япония.
— 5–10 йилдан кейин Қорақалпоғистонда IT’ни қандай кўрасиз?
— Хорижий компаниялар кўпаяди, кўпроқ иш ўринлари яратилади, ёшлар учун юқори даромад топиш имкониятлари кенгаяди.
— Шахсий режаларингиз?
— Ўз IT компаниямни йўлга қўйиш.
Абдикеримова Лаззатнинг танлаган йўли — бу фақат бир инсоннинг ITдаги йўли эмас, балки кўплаб ёш қизларга илҳом манбаи. Қорақалпоғистонда IT соҳасида имкониятлар кенгаймоқда, ва бу имкониятлардан фойдаланиш ҳар бир ёшнинг қўлида.
Бизнинг кейинги қаҳрамонимиз ким бўлиши мумкин? Балки бу кейинги IT йўлига қадам қўйган ёш қиз ёки йигитдир. Эҳтимол, сиз бўлурсиз?…
Азизбек Дабылов,
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги шарҳловчиси
Муаллифнинг туширган расмлари