Агрегатларнинг узлуксиз ишлашини таъминлаш зарур

Чимбой туманидаги «Тўнмўйин» насос станциясида кўргазмали семинар ўтказилди, – деб хабар бермоқда Сув хўжалиги вазирлиги матбуот хизмати.
Унда Қорақалпоғистон насос станциялари ва энергетика бошқармаси масъуллари иштирок этиб, мазкур насос станциясида электр энергиясидан ва насослардан самарали фойдаланиш бўйича амалга оширилаётган ишлар ўрганилди.
Кўргазмали семинар шаклида ўтказилган тадбирда электр энергиясини тежаш, насос станциялари агрегатларини таъмирлаш, меҳнат муҳофазаси ва техника хавфсизлиги ҳамда насос станциялари атрофида ёрдамчи хўжаликларни ташкил этиш масалалари муҳокама қилинди. Шунингдек, иштирокчилар мавжуд техник ускуналар ва агрегатларнинг узлуксиз ишлашини таъминлаш бўйича тажриба алмашди.


Тадбир давомида масъул мутахассислар томонидан меҳнат муҳофазаси ва техника хавфсизлиги бўйича ҳам тегишли тушунтириш ишлари олиб борилди ва бу борадаги талабларга амал қилишнинг аҳамияти алоҳида таъкидланди. Жумладан, амалдаги қонунчилик ва тасдиқланган йўриқномаларга қатъий амал қилиш шартлиги такидланиб, иш бошланишидан олдин бажарилиши лозим бўлган талаблар, иш жараёнида амал қилинадиган хавфсизлик қоидалари, фавқулодда ҳолатларда бажарилиши лозим бўлган чоралар ва иш якунлангандан кейин бажариладиган ҳаракатлар кўргазмали воситалар ёрдамида кенг тушунтирилди.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги