Қурувчилар байрами кенг нишонланди

Нукус шаҳридаги «Караван сарай» ресторанида «Ўзбекистон Республикаси Қурилиш соҳаси ходимлари куни» муносабати билан тантанали байрам кечаси ўтказилди. Унда қурилиш соҳасида фаолият юритаётган мутахассислар, нуронийлар, юқори мартабали меҳмонлар, хорижий ва маҳаллий инвесторлар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси Фарход Эрманов соҳа вакилларини самимий табриклади. У нутқида мамлакатимиз Президенти раҳнамолигида қурилиш соҳаси иқтисодиётнинг етакчи тармоқларидан бирига айланганини таъкидлаб, шундай деди:
— Мамлакатимиз раҳбари томонидан яратилган кенг имкониятлар, замонавий инфратузилма ва уй-жойлар бунёдига қаратилган ислоҳотлар натижасида юртимиз қиёфаси тобора янгиланиб бормоқда. Қорақалпоғистонда ҳам шаҳар ва туманларимизда ижтимоий лойиҳалар ҳаётга татбиқ этилиб, халқимиз учун қулай яшаш муҳити яратилмоқда.
Тадбирда қурилиш соҳасида фаолият олиб бораётган фидойи мутахассислар фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.

Сўнгги йилларда мамлакатимизда қурилиш соҳаси давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири сифатида изчил ривожланиб келмоқда. Замонавий уй-жойлар, инфратузилма объектлари, таълим ва соғлиқни сақлаш муассасалари, йирик саноат корхоналари, йўл-транспорт тармоқлари барпо этилмоқда. Қорақалпоғистон Республикасида ҳам нуфузли ижтимоий лойиҳалар амалга оширилиб, шаҳар ва туманлар қиёфаси тубдан янгиланмоқда.
Шунингдек, қатор хорижий давлатлар билан ҳамкорликда йирик бино ва иншоотлар, замонавий ишлаб чиқариш корхоналари ва инфратузилма объектлари бунёд этилмоқда.
Кеча концерт дастури билан якунланиб, меҳмонларга байрамона кайфият улашилди.
Азизбек Дабылов,
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги шарҳловчиси
Муаллифнинг туширган расмлари