IТ соҳасини ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашида IТ соҳасида амалга оширилаётган ишлар юзасидан кенгайтирилган йиғилиш бўлиб ўтди. Унда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг Раиси Фарҳод Эрманов, Жўқорғи Кенгеснинг Ижтимоий-маданий ривожланиш, ёшлар сиёсати ва жамоат бирлашмалари масалалари қўмитаси раиси Мурат Атамуратов, IТ соҳасида фаолият юритаётган резидентлар, Нукус шаҳри ва туманлар ҳокимларининг ижтимоий масалалар бўйича ўринбосарлари, масъул вазирлик ва ташкилот раҳбарлари ҳамда рақамли иқтисодиёт бўйича лойиҳалар менежерлари иштирок этди.

Йиғилишда сўнгги йилларда мамлакатимизда барча соҳаларни рақамлаштириш ва бу жараёнга ёшларни кенг жалб этишга қаратилаётган эътибор алоҳида таъкидланди. Хусусан, Президентимиз ва Вазирлар Маҳкамаси томонидан рақамли хизматлар экспортини ривожлантириш, соҳада малакали мутахассисларни тайёрлашни қўллаб-қувватлаш бўйича қатор қарорлар қабул қилиниб, аниқ вазифалар белгилаб берилганига урғу берилди.
Учрашув давомида Қорақалпоғистонда IТ соҳасини ривожлантириш, стартап лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш, экспорт салоҳиятини ошириш ҳамда янги иш ўринлари яратиш масалалари атрофлича муҳокама қилинди. Шунингдек, ҳудудларда ёшларни замонавий касбларга ўқитиш, рақамли иқтисодиётни кенгайтириш ва ахборот хавфсизлигини таъминлаш бўйича устувор йўналишлар белгилаб олинди.

Вазирлар Кенгаши Раиси Фарҳод Эрманов IТ резидентларининг ташаббус ва лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш, фаолиятида учраётган муаммоларни бартараф этиш юзасидан тегишли идораларга аниқ топшириқлар берди.
Йиғилиш якунида IТ резидентлар ўз таклиф ва мулоҳазаларини билдириб, соҳада инновацион ривожланиш бўйича келгусидаги режалар устида фикр алмашдилар.
Азизбек Дабылов,
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги шарҳловчиси