Фуқаролар мурожаатлари ўрганилмоқда

289

Жамиятда инсон манфаатлари биринчи ўринда туради. Шу боисдан ҳам давлат органлари аҳоли билан бевосита мулоқотда бўлиб, фуқароларнинг муаммоларига ечим топишга ҳаракат қилмоқда.

Тўрткўл туманида ҳар ҳафтанинг сешанба ва жума кунлари туман ҳокими томонидан фуқаролар қабули ташкил этилади. Ҳокимнинг бевосита аҳоли билан учрашувлари эрталаб соат 08:00 дан 09:00 гача бўлиб ўтади. Бу қабулларда жойлардаги муаммолар ва аҳолини ўйлантираётган масалалар юзасидан мурожаатлар ўрганилиб, тегишли чоралар кўрилади, – деб маълумот беради туман ҳокимлиги Ахборот хизмати бўлими.

Тумани ҳокими И.Худайбергенов томонидан навбатдаги қабул Халқ қабулхонаси биносида ўтказилди. Қабул давомида турли йўналишлардаги мурожаатлар кўриб чиқилди ва ҳар бир масала бўйича масъул мутасаддилар иштирокида муҳокамалар ўтказилди.

Фуқаролар томонидан ишсизлик масаласи, кадастр ҳужжатларини расмийлаштириш ва тўғрилаш, ижтимоий ёрдам, ҳуқуқий маслаҳат, уй-жойларни таъмирлашда кўмак бериш, муолажалар учун дори-дармон билан таъминлаш каби йўналишларда мурожаатлар билдирилди. Ҳар бир мурожаат юзасидан жойида ўрганиш ишлари олиб борилиб, мутасадди ташкилотларга аниқ топшириқлар берилди.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги