Республикамизда жорий йилда 800 гектар мевали боғ ва токзорлар барпо этиш белгиланган

193

Қорақалпоғистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги томонидан Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Агросаноатни ривожлантириш агентлигининг Қорақалпоғистон Республикаси бўлими билан ҳамкорликда оммавий ахборот воситалари учун пресс-тур ташкил этилиб, журналистлар Тахиатош туманидаги Кенегес овул фуқаролар йиғинида фаолият юритаётган боғдорчилик билан шуғулланувчи фермер хўжаликларига олиб борилди.

Таъкидлаш жоизки, Тахиатош туманида жами 55 та субъектда 218 гектар мевали боғ ва 8 гектар токзор мавжуд.

Оммавий ахборот воситалари вакиллари дастлаб, «Тўраев Султонмурод бий» фермер хўжалигида бўлиб, унинг фаолияти билан танишди. Ушбу фермер хўжалигининг умумий ер майдони 227 гектар бўлиб, асосан пахта, ғалла етиштириш йўналишида фаолият юритади. Бу йил ғалладан 70-80 центнердан ҳосил олиб, яхши натижа кўрсатган. Бундан ташқари, фермер хўжалиги томонидан 7 гектар ерда мевали боғ барпо этилиб, 1 гектар ерга узум экилиб, ушбу майдонлардан яхши ҳосил олинмоқда.

– Мен узум кўчатларини Фарғона вилоятидан олиб келиб эккан эдим. Маҳаллий кўчатлар ҳам кўп. Ҳар йили яхши ҳосил беряпти. Маҳсулотларимизни асосан ички бозорга чиқариб сотяпмиз. Йигирмага яқин мавсумий ишчиларни ёллаб, боғларни парваришлаяпмиз, – дейди фермер С.Тўраев.

Кейинги манзил, шу қишлоқдаги «Аўезниязов Қурбонбой» фермер хўжалигининг далалари бўлди. Боғдорчиликка ихтисослашган мазкур фермер хўжалигининг умумий ер майдони 10,5 гектар бўлиб, жами 10,5 гектар майдонда мевали боғ яратилган. Боғда асосан олма, шафтоли, нок ва ўрик кўчатлари экилган бўлиб, 2 та асосий ва 8 та мавсумий иш ўринлари яратилган. Мева дарахтларининг ораси ҳам бўш қўйилмай, боғ қатор ораларига мош, кунжут экиб ҳосил олар экан.

Журналистлар олиб борилган яна бир «Жалойир» фермер хўжалигининг умумий ер майдони 135 гектар бўлиб, у ҳам асосан пахта, ғалла йўналишида фаолият олиб борар экан. Бундан ташқари, фермер хўжалиги томонидан 8,5 гектар мевали боғ яратилган бўлиб, асосан шафтоли ва олма экилган.

Бу ерларда мутахассислар томонидан қишлоқ хўжалиги ходимлари, фермерлар ишини енгиллаштириш, хусусан, сертификатланган узум ва мева кўчатларини сотиб олиш, маҳсулотларини экспортга чиқариш учун яратилаётган имкониятлар, кредит олиш бўйича имтиёзлар ва бошқа шароитлар ҳақида маълумотлар берилди.

– Республикамиз туманларидаги барча тоифадаги хўжаликларда жами 7,4 минг гектар (шундан, фермер ва қишлоқ хўжалиги корхоналарида 4337 гектар, аҳолининг томорқа ерларида 3041 гектар) мевали боғлар ва 1,5 минг гектар узумзорлар (шундан, фермер ва қишлоқ хўжалиги корхоналарида 690 гектар, аҳолининг томорқа ерларида 830 гектар) бўлиб, шундан 5,2 минг гектар боғ ва 1,1 минг гектар узумзорлар бугунги кунда ҳосил бериб келмоқда. Бу майдонлардан 2025 йилда жами 76 минг тонна мева ва 15 минг тонна узум маҳсулотлари етиштириш прогноз қилинган бўлиб, 33,5 минг тонна мева ва 4,1 минг тонна узум маҳсулотлари етиштирилди, – дейди Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Агросаноатни ривожлантириш агентлигининг Қорақалпоғистон Республикаси бўлими бошлиғи Х.Ачилов.

Республикамизда 2025 йилда 800 гектар мевали боғ ва токзорлар барпо этиш белгилаб олинган. Фермер ва қишлоқ хўжалиги корхоналари томонидан баҳор мавсумида 469 гектар майдонда мевали боғлар ва 108 гектар токзорлар барпо этилди. Хусусан, Тўрткўл туманида 62,2, Беруний туманида 40,2, Элликқалъа туманида 56,0, Амударё туманида 76,0, Тахиатош туманида 15, Хўжайли туманида 23,3, Шуманай туманида 12,5, Қонликўл туманида 20,2, Қўнғирот туманида 3,8, Нукус туманида 57,4, Кегейли туманида 16,5, Бўзатов туманида 5,5, Чимбой туманида 15, Қораўзак туманида 15,2, Тахтакўпир туманида 50,3 гектар мевали боғлар, Тўрткўл туманида 17,0, Беруний туманида 10,2, Элликқалъа туманида 27,8, Амударё туманида 25,7, Тахиатош туманида 2,0, Хўжайли туманида 5,3, Қонликўл туманида 1,0, Нукус туманида 5,0, Кегейли туманида 4,5, Бўзатов туманида 2,8, Чимбой туманида 5,0, Тахтакўпир туманида 1,5 гектар узумзорлар барпо этилди.

Бундан ташқари, Агросаноатни ривожлантириш агентлиги томонидан боғдорчилик ва узумчилик йўналишидаги фермер ва қишлоқ хўжалиги корхоналарини молиявий қўллаб-қувватлаш доирасида 2025 йилда бугунги кунга қадар 2 та қишлоқ хўжалиги корхонасига узум кўчатларини шпалларга кўтариш учун жами 96,4 миллион сўм миқдорида субсидия маблағлари ажратиб берилди. Бу борадаги ишлар самарали давом этмоқда.

Пресс-тур давомида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.

А.Жийемуратов,

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги