Тамагирлик ҳақида ишонч телефонига қўнғироқ қилиш сўралди

«Қорақалпоғистон» темир йўл чегара божхона пости ходимлари томонидан ҳудудда яшовчи фуқаролар билан «Коррупцияга қарши курашиш барчамизнинг бурчимиз» мавзусида учрашув бўлиб ўтди.
Унда фуқароларга божхона чегараларини кесиб ўтиш тартиб-қоидалари, товарларни божсиз олиб кириш ва олиб чиқиш меъёрлари тушунтирилиб, қонунчиликда белгиланган тартибларга қатъий риоя этилиши, тақиқланган товарларни ноқонуний тарзда олиб ўтишга уринмаслик бўйича тарғибот-ташвиқот ишлари олиб борилди.
Шунингдек, коррупция миллатнинг кушандаси ҳисобланиши, божхона чегаралари орқали ҳаракатланишда қонунчилик талабларига қатъий риоя қилмасдан, божхона ходимига «пора» таклиф қилиш – жиноий жавобгарлик учун асос бўлиши таъкидланди.
Фуқароларга божхона ходимларининг мансаб ваколатларидан моддий ёки номоддий манфаатлар эвазига фойдаланиш, тамагирлик ҳолатларига дуч келса, Божхона қўмитасининг 11-08 ва Қорақалпоғистон Республикаси Божхона бошқармасининг 61-224-90-86 ишонч телефонларига қўнғироқ қилиши сўралиб, алоқа рақамлари кўрсатилган буклетлар тарқатилди.
Бу борадаги тарғибот ишлари йўловчи ташувчи поездларда божхона чегараларини кесиб ўтаётган фуқароларга ҳам тушунтириш бериш орқали давом эттирилмоқда.


Эслатиб ўтамиз, амалдаги қонунчилик талабларини билиш ва уларга риоя қилиш божхона қонунбузарлиги билан боғлиқ ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга хизмат қилади.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги