“Янги Ўзбекистон Олимпия чўққилари” мусобақаларига тайёргарлик масалалари муҳокама қилинди

88

Ватанимиз довруғини дунёга достон этадиган спортчиларни тайёрлаш тизими йилдан йилга такомиллашиб бормоқда.

Бир неча йил муқаддам аҳоли ўртасида оммавий спорт тарғиботини кучайтириш мақсадида йўлга қўйилган “Беш ташаббус олимпиадаси” доирасида ўтган йиллар давомида нафақат одамлар орасида соғлом турмуш тарзи кенг ёйилди, балки жойларда бир-бирдан кўркам спорт майдончалари бунёд этилди. Шунингдек, мазкур ташаббус маҳоратли спортчи ёшларни аниқлаш тизимига ҳам ижобий таъсир кўрсатди.

Энг асосийси, ушбу саъй-ҳаракатлар, ўтказилган оммавий спорт тадбирлари янги йўналишларни, хусусан, профессионал спортчиларнинг янги авлодини камол топтириш борасидаги ечимини кутаётган масалалар мундарижасини белгилаб берди.

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев раислигида жорий йил 13 февраль куни олимпия ва паралимпия ҳаракати, ихтисослаштирилган ва оммавий спортни янги босқичга олиб чиқиш ҳамда аҳолининг жисмоний фаоллигини оширишга бағишланган видеоселекторда, шунингдек жорий йил апрель ойида Андижон вилоятига ташрифлари чоғида иқтидорли спортчи-ёшларни энг қуйи бўғиндан аниқлаш лозимлигини айтиб, бунинг учун “Янги Ўзбекистон Олимпия чўққилари” ва “Президент Олимпиадаси” спорт мусобақаларини йўлга қўйиш масаласида зарур тавсияларни бериб ўтганди.

Ўтган давр мобайнида жойларда Олимпия ўйинлари тизимидан жой олган 10 та спорт тури бўйича “Янги Ўзбекистон Олимпия чўққилари” мусобақаларининг биринчи босқичи уюшқоқлик билан ташкил этилди.

Эътиборлиси, мазкур спорт тизимининг йўлга қўйилиши натижасида юртимизнинг чекка-чекка туманларида, маҳалла ва қишлоқларида истиқомат қилаётган оилалар, уларнинг фарзандлари қалбида спортга меҳр уйғонди.

“Янги Ўзбекистон Олимпия чўққилари” мусобақаларининг 1-босқич мусобақалари ҳудудларнинг спорт инфратузилмасидан келиб чиқилиб, 53 та ҳудудга тақсимланган масканларда зўр иштиёқ билан ташкил этилди. Муросасиз баҳслар натижасида бокс, оғир атлетика, таэквондо, дзюдо, эркин ва юнон-рум курашлари, енгил атлетика, стол тенниси, баскетбол 3х3 ва бадиий гимнастика бўйича маҳоратли ёшлар сараланди. Уларда 1-3-ўринларни эгаллаган ёш чемпионлар 2-босқич мусобақаларида қатнашиш ҳуқуқига эга чиқди.

Миллий олимпия қўмитасида тегишли вазирлик ва идораларнинг масъуллари, спорт федерацияларнинг вакиллари, мураббий ва мутахассислар, ҳудудлардаги дахлдор ташкилот вакиллари онлайн тарзда қатнашган йиғилишда “Янги Ўзбекистон Олимпия чўққилари” мусобақасининг иккинчи босқичини белгиланган тартиб-қоидалар бўйича ўтказиш масалалари муҳокама қилинди.

Йиғилиш давомида масъуллар биринчи босқич натижалари, иккинчи босқич беллашувларини ўтказиш учун спорт иншоотларининг тайёргарлиги ҳамда мусобақаларга пухта ҳозирлик кўриш юзасидан ҳисоботларни тақдим этди.

Йиғилиш давомида расмийлар ҳудудий босқич баҳсларини юқори даражада ташкил этиш, мусобақаларда шаффофлик ва адолатли ҳакамликни таъминлаш, аввал йўл қўйилган камчиликларни бартараф этиш, шунингдек, иштирокчилар учун қулай шарт-шароитлар яратиш бўйича зарур тавсиялар берилди.

Таъкидланганидек, 2-босқич мусобақаларида 1-ўринни эгаллаган спортчилар “Янги Ўзбекистон Олимпия чўққилари” мусобақасининг декабрь ойида ташкил этиладиган “Президент олимпиадаси”да тўғридан-тўғри қатнашиш ҳуқуқига эга бўлади.

Т.Рўзиев, ЎзА