Швейцария жамоасини енгган ёш шахматчиларимиз эртага америкаликлар билан куч синашади
Бугун, 6 августь куни АҚШнинг Александрия шаҳрида мактаб ўқувчилари жамоалари ўртасида шахмат бўйича ўтаётган жаҳон чемпионатининг 6-турида мамлакатимиз шарафини ҳимоя қилаётган “Wisdom” жамоаси Швейцариянинг “Kantonsschule Alpenquai Luzern” жамоасини 2,5:1,5 ҳисобида доғда қолди.
Учрашув давомида ёш шахматчиларимиздан Шерали Равшанов, Орият Обиджонов, Мадинабону Халилова рақиблари билан муросага келган вазиятда Сарвиноз Бекмуратова жамоамизга ғалабани тортиқ этди.

7-тур ўйинлари остонасида ўзбекистонлик мактаб ўқувчилари жамоаси 10 очко билан қўшимча кўрсаткичлар ҳисобига 5-ўринда бормоқда.
Турнир жадвалини 12 очко билан Ҳиндистоннинг “Velammal MHS School” жамоаси бошқараётган бўлса, Қозоғистоннинг “Seed Educational Complex”, АҚШнинг “The Harker School”, Шри-Ланканинг “Royal College” жамоалари ҳам ҳамюртларимиз сингари 10 очко билан кейинги поғоналарни банд этган.

Эртага чемпионатнинг сўнгги кунида 7 ва 8-тур ўйинлари ўтказилиб, ғолиб ва совриндорлар аниқланади.
Ватанимиз шарафини ҳимоя қилаётган “Wisdom” жамоаси 7-турда 8 очко билан 12-ўриндан жой олган АҚШнинг «University High School» жамоаси билан куч синашади.
Эслатиб ўтамиз, мазкур жаҳон чемпионатида 40 га яқин мамлакатнинг 55 та мактаб шахмат жамоалари иштирок этмоқда.
Тўлқин Рўзиев, ЎзА