Хитойда XII Бутунжаҳон спорт ўйинлари бошланмоқда
Бугун, 6 август куни Хитойнинг Чэнду шаҳрида Бутунжаҳон спорт ўйинлари бошланди.
Кун давомида бир қатор ўйин спорт турлари бўйича саралаш мусобақалари ўтказилса, эртага, 7 август кунидан асосий беллашувларга старт берилади.

Кеча дунёнинг 114 та давлатидан 4 минг нафардан зиёд спортчи қатнашиш учун талабномаларни тақдим этган Бутунжаҳон спорт ўйинлари “Спортчилар шаҳарчаси”нинг очилиш маросими бўлиб ўтди.
Маросимда Хитойда ўтказилаётган мазкур нуфузли спорт ўйинлари спорт орқали халқлар ўртасида дўстлик ришталарини мустаҳкамлаш, спорт турлари ривожи ва оммалашишига қаратилгани таъкидланди.
Хўш, жаҳон спорт ишқибозлари эътибор марказида бўлган Бутунжаҳон спорт ўйинларида мамлакатимизнинг неча нафар спортчиси иштирок этади? Ҳамюртларимиз қайси спорт йўналишларида Ватанимиз шарафини ҳимоя қилади?
Спорт вазирлиги маълумотига кўра, 12-бор ўтказилаётган бу галги Бутунжаҳон спорт ўйинларида Ўзбекистон спортчилари кикбоксинг, муайтай, ушу ва самбо йўналишларида ватанимиз шарафини ҳимоя қилади. Шундан, 3 нафар спортчимиз ушу, 1 нафари муайтай, 8 нафари самбо, 7 нафари кикбоксинг баҳсларида ғолиблик учун кураш олиб боради.
Ўйинлар дастурига кўра, бугун 2 та, эртага 4 та спорт турида саралаш мусобақалари ташкил этилади.
Эслатиб ўтамиз, Бутунжаҳон спорт ўйинлари 17 августга қадар давом этади.
Тўлқин Рўзиев,
ЎзА