Пирамида – Трамп элчиси Путин билан гаплашди
АҚШ Президенти томонидан белгиланган Украина бўйича сулҳ ультиматуми муддати яқинлашаркан, махсус вакил Стив Уиткофф Москвага ташриф буюриб, Кремлда Россия етакчиси Владимир Путин қабулида бўлди. Бу ҳақда BBC хабар берди.
Трамп огоҳлантириш тариқасида агар Путин “даҳшатли уруш”ни тўхтатиш бўйича муҳим қадам ташламаса, Москвага нисбатан кучли иқтисодий санкция қўлланишини айтган. Шунингдек, РФ билан савдо қилаётганларга иккиламчи санкция жорий этилишини ҳам билдирган.
Украина Президенти Владимир Зеленский РФ фақат молиявий ресурслари тугай бошлагандагина сулҳ масаласига жиддий ёндашиши мумкинлигини таъкидлаган. У АҚШ томонидан Россияга нисбатан кучли санкция ва нефть савдосига бож жорий қилиниши эҳтимолини ижобий қарши олди. Шунга қарамай, сулҳга эришиш бўйича истиқбол ҳануз мавҳум бўлиб қолмоқда.

Россия ҳаво ҳужумини узлуксиз давом эттирмоқда. Истанбулда ўтган уч босқичли музокара ҳали натижа бергани йўқ. Тинчлик йўлида илгари сурилаётган шартлар эса Киев ва Ғарб мамлакатлари томонидан қатъий рад қилиняпти.
Кремль Зеленский ва Путин ўртасидаги тўғридан-тўғри учрашув таклифига рози эмас. Бу орада АҚШ маъмурияти Киев мудофаа салоҳиятини мустаҳкамлаш учун яна 200 миллион долларлик ҳарбий ёрдам кўрсатиш қарорини маъқуллади. Бу ҳақда Трамп ва Зеленскийнинг телефон мулоқотидан сўнг эълон қилинди. Мазкур суҳбат давомида дрон ишлаб чиқариш ва мудофаа соҳасидаги ҳамкорлик мавзуси ҳам муҳокама марказига чиққани айтилмоқда.
Ўтган ҳафта Киевга қилинган, уруш бошидан буён пойтахтга берилган энг ҳалокатли зарба сифатида баҳоланаётган ҳаво ҳужуми оқибатида 32 киши ҳалок бўлган. Кейин эса Запорожье вилоятидаги дам олиш маскани нишонга олинди. Натиажада 2 киши қурбон бўлди, 12 нафар одам яраланди.
Зеленский бу ҳаракатларни “ҳарбий мақсадсиз, шунчаки одамларни қўрқитиш учун қилинаётган ваҳшийлик” деб атади.
Мусулмон Зиё, ЎзА