ХВЖ: 2025 йил глобал иқтисодий ўсиш уч фоиздан ошади

Куни кеча Халқаро валюта жамғармаси (ХВЖ) Жаҳон иқтисодиёти истиқболи бўйича ҳисобот эълон қилди. Ҳужжатда глобал суръат жорий йил 3 фоиз, 2026 йил 3,1 фоиз ўсиши кўрсатилган. Бу апрель ойидаги таҳлилдан мос равишда 0,2 ва 0,1 фоиз юқори.
Таъкидланишича, янги прогноз “кутилган юқори тарифга жавобан иқтисодий фаоллик олдинга силжиши, АҚШнинг илгари кутилган ўртача самарали тарифлари нисбатан пастлиги, молиявий шароит яхшиланиши, жумладан доллар заифлашиши ва йирик иқтисодиётга эга қатор мамлакатлардаги фискал рағбатлантириш” жараёнини акс эттирган.
ХВЖ кеча эълон қилган Жаҳон иқтисодий прогнози хулосасига кўра, АҚШ доллари янги тариф ва бюджет тақчиллиги кенгайиши шароитида кучайиши кутилаётганига қарамай, заифлашишда давом этди.
Тузилма таҳлилчилари таъкидлаганидек, доллар қиймати пасайиши ривожланаётган мамлакатларга мослашувчан пул-кредит сиёсатини юритиш учун кенг имконият яратмоқда. Глобал молиявий шароит эса, умуман олганда, осонлашди.
Қўшимча қилинишича, айни омиллар сақланиб қолса-да, жаҳон иқтисодиёти нисбатан барқарорлик кўрсаткичини намоён этмоқда. Бинобарин, глобал иқтисодиётнинг тузилиши мамлакатлар ўртасидаги савдо тўсиқлари туфайли бузилган.
Бош иқтисодчи, ХВЖ Тадқиқот департаменти директори Пьер-Оливье Гуринша фикрича, янги бож қисман олиб ташланиши ва Хитой билан савдо кескинлиги юмшатилишига қарамай, АҚШ импорт тарифи тарихан юқорилигича қолмоқда. Тариф ошиши эҳтимоли мавжуд бўлган шароитда АҚШга экспорт йил бошида кескин тезлашди.
– Етказиб беришдан олдинги бу самарали амалиёт Европа ва Осиёда ишбилармонлик фаоллигини қўллаб-қувватлади, – дейди иқтисодчи. – Январь ойидан буён доллар курси 8 фоиз пасайди. Натижада айрим иқтисодиётларга рақобат босими кучайди. Илгари бож жорий қилган давлат ўз валютасини мустаҳкамлаб олган. Ҳозир эса доллар курси пасайиб кетди. Демак, тариф зарбасининг бошқа мамлакатлар рақобатбардошлигига таъсири ортди.
С.Раҳимов, ЎзА шарҳловчиси