Сувдан тежамли фойдаланиш ҳар биримизнинг бурчимиз

Сўнгги йилларда юртимиз деҳқонларини сув танқислиги билан боғлиқ вазият ташвишга солмоқда. Шуларни инобатга олиб, сўнгги йилларда мамлакатимизда сув ресурсларидан фойдаланиш тубдан ислоҳ қилинмоқда. Асосий масала – сувдан оқилона ва самарали фойдаланиш, суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилашга қаратилган. Суғориб деҳқончилик қилинадиган барча экин майдонларини тўлиқ сув тежовчи технологияларга ўтказиш, сув тежовчи технологияларни жорий этган фермер ва деҳқонлар учун рағбатлантириш механизмларини янада кўпайтириш чораларининг кўрилиши ислоҳотларнинг асосий йўналиши ҳисобланади.
Жорий йилги мавсумда республикамизда 397 минг гектар экин ерида суғориш ишларини олиб бориш режалаштирилган бўлиб, бунинг учун манбадан жами 4 млрд. 230 млн. м3 сув олиш лимити ажратилган.
Биз Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазири Б.Юсупов билан суҳбатлашиб, вазирлик томонидан қишлоқ хўжалигида сув ресурсларидан мақсадли фойдаланиш, унинг исрофини камайтириш ва сувни тежашга қаратилган чора-тадбирлар ҳақида қизиқтирган саволларимизга жавоб олдик.
– Бахтиёр Абдуллаевич, сўнгги йилларда Президентимиз ва Вазирлар Маҳкамаси томонидан қабул қилинган қарор ва фармонларга асосан сувни мақсадли ишлатиш, тежамли фойдаланиш, исрофгарчиликка йўл қўймаслик борасида қатор ислоҳотлар амалга оширилди. «Сув етказиб бериш хизмати» ҳам ташкил этилди. Суҳбатимизда аввало шу тадбирларга кенг тўхталиб ўтсангиз.
– Дарҳақиқат, сўнгги пайтларда дунё бўйича иқлим ўзгараётгани, музликлар камайиб, дарёлардаги сувлар камайиб бораётгани туфайли сув танқислиги кўплаб мамлакатларда кузатилмоқда. Иқлими қуруқ минтақада жойлашган Марказий Осиёда, айниқса, Ўзбекистонда бу нарса яққол сезилмоқда. Сувдан мақсадли фойдаланиш минтақа учун энг долзарб масалалардан ҳисобланади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 5 январдаги ПҚ-5-сонли қарорига асосан Қорақалпоғистон Республикаси сув хўжалиги соҳасида, хусусан, қуйи тизимида сувни бошқариш ва ҳисобини юритиш йўналишида қатор ислоҳотлар амалга оширилди.
Президентимизнинг ушбу қарорида сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш, сувдан фойдаланиш маданиятини юксалтириш орқали аҳоли онгида шаклланган «сув – текин» тушунчасидан воз кечиш масаласи алоҳида қайд этилган.
Ушбу қарор асосида барча туманларда «Сув етказиб бериш хизмати» давлат муассасалари фаолияти ташкил этилди.
Қарорнинг 14-бандига асосан барча туманларда туман ҳокимлари бошчилигида хатлов комиссиялари ташкил этилиб, хатлов натижаларига кўра туманларда 3771 километрлик хўжаликлараро ва 14 минг 240 километрлик ички суғориш тармоқлари аниқланди. Бугунги кунда улардаги қурилмаларни эгалари кесимида таснифлаш ва идентификациялаш ишлари амалга оширилмоқда.
– Сув истеъмолчиларига сувни етказиб бериш ишлари қандай амалга оширилмоқда?
– Ўтган 2024 йил давомида сувдан фойдаланувчиларга, жами 3 млрд. 104 млн. 901 минг м3 сув етказиб берилган бўлса, шундан 583 млн. 969 минг м3 сув шўр ювиш, 1 млрд. 414 млн. 751 минг м3 сув аҳолига томорқа ерларини суғориш учун берилган. Туманлик «Сув етказиб бериш хизмати» давлат муассасалари томонидан 1 млрд. 106 млн. 180 минг м3 сув миқдорлари солиқ органларига тақдим этилган.
Шунингдек, 2024-2025 йилларда суғорилмайдиган мавсумда 6238 истеъмолчи билан шартномалар расмийлаштирилган.
2025 йил январь-май ойларида жами 1 млрд. 351 млн. м3 сув сарфланиб, шундан 466 млн м3 сув шўр ювиш, 653 млн. м3 сув аҳолининг томорқа ерларига ва 230 млн м3 сув суғориш ишларига сарфланган ва бу бўйича солиқ органларига маълумотлар тақдим этилган.
2025 йилги вегетация даври учун якуний истеъмолчилар кесимида экинларни суғориш учун сув олиш лимитлари ишлаб чиқилди ва халқ депутатлари туман Кенгашларининг қарорлари қабул қилинди.
Жорий йилда республикада 49 та сув таъминоти оғир ҳудудлар аниқланиб, жами 37 минг 178 гектар майдон, шундан 5 минг 393 гектарини аҳоли томорқа ерлари ташкил этади. Бугунги кунда 49 та ҳудуддаги 118 та қишлоққа жами 37 минг 191 гектар ер майдонларига сув етказиб берилиб, шундан 31 минг 798 гектар фермер хўжалиги ерларига ва 5 минг 393 гектар аҳоли томорқа ерларига сув етказиб берилди.

– Сув хўжалиги соҳасига рақамли технологияларни жорий этиш, энергия тежаш бўйича амалга оширилаётган ишларга тўхталсангиз.
– Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 10 июлдаги ПФ-6024-сонли фармонига асосан, республикамизда ирригация тармоқларида 2024 йилда 28 та «Ақлли сув,» 2 та йирик сув хўжалиги объектини бошқаришни автоматлаштириш, 150 та мелиоратив назорат қудуқлари, «Дайвер» қурилмалари ўрнатилиб, вазирликнинг серверига интеграция қилинди.
Шунингдек, соҳани рақамлаштириш доирасида 2025 йилда «Халимбек» насос станциясида 3 та насос агрегатига 3 та «GIDROMER» АКН-Х русумли «онлайн» ҳисоблаш қурилмалари ўрнатилиб, якуний синов натижалари бўйича вазирлик серверига интеграция қилинади.
Президентимиз раислигида 2024 йил 7 ноябрь куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида 2025 йилдан янги тизим – сув ва электр энергиясини тежаш бўйича алоҳида иш тартибини жорий этиш юзасидан муҳим вазифалар белгиланиб, 2025 йил сув хўжалигида – «Насослар самарадорлигини ошириш йили» деб белгилаб берилган эди.
Ушбу вазифалардан келиб чиққан ҳолда Сув хўжалиги вазирлиги таркибидаги давлат насослари ва кластер, фермер хўжаликлари ҳисобидаги насос агрегатларини энергия тежамкорларига алмаштириш ҳамда насос агрегатларига қуёш панелларини ўрнатиш бўйича ҳам қатор ишлар амалга оширилмоқда.
«Қорақалпоғистон» ва «Беруний» насос станциялари ва энергетика бошқармаларининг 28 та СНПЕ-500/10 насос агрегатлари ўрнига (ҳар бирига) 2 тадан жами 56 та энергия тежовчи «SHIMGE,» «ШНЕК» насосларини ўрнатиш, 9 та (40 кВт) қуёш панелларини ўрнатиш белгиланган.
Бугунги кунда 36 дона «SHIMGE» насоси ўрнатилиб, қолган насосларни биржа орқали сотиб олиш ишлари давом этмоқда.
Шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Президиумининг 2025 йил 7 февралдаги махсус қарорига асосан ажратилган 1,5 млрд. сўмлик маблағ ҳисобидан 5 дона эскирган СНПЕ-500/10 маркали насос агрегатларининг ўрнига Элликқалъа, Кегейли, Қораўзак, Қонликўл ва Нукус туманларининг ҳар бирида 2 донадан жами 10 дона «SHIMGE» (қуввати 277 л/с) маркали насос агрегатларини ва 5 дона Фотоэлектрик панелини (қуёш панелини) қуриш белгиланган.
Бугунги кунда 10 дона «SHIMGE» маркали насос агрегатлари ва жами қуввати 200 кВт бўлган (ҳар бири 40 кВт) 5 дона қуёш фотоэлектр панеллари ўрнатилди.
Шунингдек, республикадаги кластер, фермер ва деҳқон хўжаликлари ҳисобидаги эскирган ички насосларни энергия тежамкорларига алмаштириш бўйича Вазирлар Кенгаши томонидан 2025 йилги Низом тасдиқланди.
Унга мувофиқ, кластер, фермер ва деҳқон хўжаликлари томонидан 975 та эскирган насосларни «SHIMGE,» «ШНЕК» энергия тежамкор насос агрегатларига алмаштириш белгиланган.
Бугунги кунда 958 дона энергия тежамкор насослар ўрнатилиб, режа 98,3 фоизга бажарилиб, бу ишлар давом этмоқда.
Республикамиздаги пахта ва ғалла етиштирувчи 713 та кластер, фермер хўжаликларининг 886 та насос агрегатлари эҳтиёжлари учун қуёш панелларини ўрнатиш бўйича «Агробанк» АТБ билан ҳамкорликда имтиёзли кредитлар ажратиш ишлари давом эттирилмоқда. Бугунги кунда 97 дона қуёш панеллари ўрнатилди.


– Сув йўқотишларини камайтириш, масалан, ички ариқ ва зовурларни бетонлаш, сувни тежаш борасидаги ишлар натижаси қай даражада?
– Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 24 декабрдаги ПҚ-454-сонли қарорига асосан, Қорақалпоғистон Республикасида 68 млрд. 230 млн. сўмлик 39,8 километрлик хўжаликлараро каналларни бетонлаш ва реконструкция қилиш, бетонлаш ишлари режалаштирилган.
2025 йилнинг 6 ойида хўжаликлараро каналларда 15,56 километрлик бетонлаш ишлари ва 59,48 километрлик «Сув етказиб бериш» давлат муассасаси ҳисобидаги каналларда бетонлаш ишлари амалга оширилди.
Шунингдек, 2025 йилнинг 6 ойи давомида эксплуатация маблағлари ҳисобидан 315,3 километрлик хўжаликлараро каналларни тозалаш, 193 дона гидротехник иншоотларни таъмирлаш, 103 дона гидропостларни таъмирлаш ишлари олиб борилди. Шунингдек, кластер ва фермер хўжаликларининг 2264 километрлик ички суғориш тармоқлари, шу жумладан, 1151,6 километрлик қисмини механизм ёрдамида, 1113,1 километрлик қисмини қўл кучи ёрдамида тозалаш, 801 дона гидротехник иншоотлар, 621 дона сув ўлчаш постлари таъмирланиб, 890 та фермер хўжалигининг сув олиш қулоғини жиҳозлаш ишлари олиб борилди.
Дарҳақиқат, дарёларда сув миқдорларининг йилдан-йилга камайиб бораётгани мавжуд сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришда сув тежовчи суғориш технологияларидан фойдаланишни кенг жорий этишни тақозо этмоқда.
2025 йилда жами 74 минг 890 гектар майдонда сув тежовчи технологиялар, жумладан, 3900 гектарда томчилатиб, 1900 гектарда ёмғирлатиб, 600 гектарда дискрет суғориш технологияларини жорий этиш, 6090 гектарда эгилувчан қувур ва 400 гектарда ариққа плёнка тўшаб суғориш ҳамда 62 минг гектар майдонни лазер ускунаси ёрдамида текислаш бўйича прогноз кўрсаткичлар тасдиқланиб, қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчилари кесимида манзилли дастурлар ишлаб чиқилиб, тасдиқланди.
Ушбу чора-тадбирларни амалга ошириш натижасида жорий йилда 356 млн. м3 сув миқдорларининг тежалиши кутилмоқда. Бугунги кунда «suvkredit.uz» платформаси орқали 2025 йил ҳосили учун 107 ташаббускорнинг 2282 гектар ғалла майдонларида ёмғирлатиб суғориш технологиясини жорий этиш бўйича пудрат шартномалари расмийлаштирилди.
Шунингдек, 78 ташаббускорга 1 минг 662 гектар ери учун имтиёзли кредит маблағлари ажратилган бўлса, 17 ташаббускорнинг 422 гектар майдони ўз маблағи ҳисобидан молиялаштирилди. Молиялаштирилган 1 минг 960 гектар майдонда қурилиш ишлари бошланди ва 1 минг 803 гектарда қурилиш ишлари якунланди.
Бундан ташқари, пахта майдонларида томчилатиб суғориш технологиясини жорий этишни истаган ташаббускорлардан «suvkredit.uz» платформаси орқали аризалар қабул қилинмоқда.
Биз сувчиларнинг аҳоли томорқа ерларига сув етказиш масаласи доимо устувор вазифаларимиздан бири бўлиб келган. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 23 сентябрдаги ПҚ-330-сонли қарори билан «Камбағалликдан фаровонликка» дастури қабул қилинганидан сўнг бу борадаги ишлар бўйича аниқ чора-тадбирлар белгиланди.





Ушбу дастур доирасида фуқаролар йиғинларида аҳоли томорқаларини кафолатли сув билан таъминлашга қаратилган 89 лойиҳа асосида кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Нукус шаҳри ва туманларда бир нечта объектларда қурилиш ишлари якунланиб, аҳоли томорқаларининг сув таъминоти яхшиланишига эришилди.
Бу борадаги ишлар самарали давом этмоқда.
Суҳбатлашган: А.Жийемуратов,
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги