Ўзбекистон Президенти қатор муҳим  ташаббусларни илгари сурди

194

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедовнинг таклифига биноан Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Денгизга чиқиш имкони бўлмаган ривожланаётган мамлакатлар бўйича учинчи конференцияси тадбирларида иштирок этиш учун 4-5 август кунлари амалий ташриф билан ушбу мамлакатда бўлди.

 Давлатимиз раҳбари 5 август куни Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг еттинчи Маслаҳат учрашувига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш масалаларига бағишланган махсус тадбирда иштирок этди.

Тадбирда Туркман халқининг миллий етакчиси, Туркманистон Халқ Маслаҳати Раиси Гурбангули Бердимуҳамедов, Қозоғистон Республикаси Президенти Қосим-Жомарт Тоқаев, Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмон, Қирғиз Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Раиси – Президент Администрацияси раҳбари Адилбек Қасималиев,  Озарбайжон Республикаси Бош вазири Али Асадов, шунингдек, расмий делегациялар аъзолари ва жамоатчилик вакиллари қатнашди.

Кун тартибига мувофиқ, Тошкент шаҳрида бўлажак Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг навбатдаги Маслаҳат учрашувига тайёргарликнинг асосий жиҳатлари кўриб чиқилди.

Давлатимиз раҳбари Ўзбекистоннинг ушбу форматдаги раислиги доирасида биргаликда амалга оширилаётган ишлар тўғрисида маълумот берди. Хусусан, йил бошида Раислик концепцияси ва Қўшма тадбирлар режаси қабул қилинди.

Хавфсизлик кенгашлари котиблари, махсус хизматлар раҳбарлари, саноат, энергетика, сув хўжалиги ва экология вазирларининг учрашувлари, медиа ва ёшлар форумлари ўтказилди.

Йил якунига қадар парламентлараро форум, мудофаа, савдо ва транспорт вазирларининг учрашувлари, маданий-гуманитар тадбирлар ўтказилиши режалаштирилган.

Минтақавий шерикликнинг янги кун тартибини шакллантириш ва унинг норматив-ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш мақсадида учрашувнинг концептуал ҳужжатлари тайёрланмоқда.

Тошкент саммити доирасида Ўзбекистон томони сиёсий мулоқотни чуқурлаштириш, иқтисодий кооперациянинг янги драйверларини ишга тушириш, чегараолди савдони кўпайтириш бўйича қатор ташаббусларни илгари суриш ниятида экани таъкидланди. Сув ва энергетика соҳаларида, транспорт жиҳатидан ўзаро боғлиқликни кенгайтириш ҳамда иқлим ўзгариши бўйича амалий ҳамкорлик масалалари диққат марказида бўлади.

Озарбайжон томонининг учрашувларда иштирок этаётгани мамнуният билан қайд этилди. Бугунги кунда минтақа давлатлари Озарбайжон билан самарали ҳамкорлик қилмоқда. Савдо, транспорт, «яшил» энергетика соҳаларида қўшма лойиҳалар амалга оширилмоқда.

Ўзбекистон Президенти сўзининг якунида Марказий Осиё мамлакатларининг ўзаро мувофиқлаштирилган ва келишилган ёндашувлари минтақада тараққиёт ва фаровонлик мақсадларига эришишга хизмат қилишига ишонч билдирди.

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Денгизга чиқиш имкони бўлмаган ривожланаётган мамлакатлар бўйича учинчи конференцияси доирасида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевга Туркманистоннинг «Ҳамкорликни ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун» орденини тантанали топшириш маросими бўлиб ўтди.

Давлатимиз раҳбари Туркман халқининг миллий етакчиси, Халқ Маслаҳати Раиси Гурбангули Бердимуҳамедовга, Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедов ва қардош туркман халқига юксак давлат мукофоти учун чуқур миннатдорлик билдирди.

– Ушбу мукофотни Ўзбекистон ва унинг кўп миллатли халқига алоҳида эътибор ва ҳурмат, Марказий Осиё минтақасида дўстлик, яхши қўшничилик, ўзаро ишонч ва шериклик муносабатларини мустаҳкамлаш борасидаги умумий саъй-ҳаракатларимизнинг эътирофи сифатида қабул қиламан, – деди давлатимиз раҳбари.

Бой тарихий тажриба, қардошлик ва ўзаро ҳурмат анъаналарига асосланган Ўзбекистон – Туркманистон стратегик шериклик муносабатларида юксак даражага эришилгани мамнуният билан қайд этилди.

Кейинги йилларда муҳим иқтисодий ва гуманитар лойиҳалар амалга оширилди, ўзаро савдо ҳажми ва кооперация кўлами кескин ошди.

Ўзбекистон етакчиси Арқадағ ва минтақанинг барча давлатлари раҳбарлари Марказий Осиёда ҳамкорликни илгари суришга улкан ҳисса қўшаётганини алоҳида қайд этди. Бугун бутун халқаро ҳамжамият минтақавий шериклик ва ўзликнинг янги моделини барпо этишдаги умумий муваффақиятларимизни эътироф этаётгани таъкидланди.

Сўзининг якунида давлатимиз раҳбари юксак мукофот учун яна бир бор миннатдорлик билдириб, қардош туркман халқини шу кунларда ўтаётган БМТ конференцияси билан табриклади ҳамда жорий йил декабрь ойида Ашхобод шаҳрида Халқаро тинчлик ва ишонч йили доирасидаги глобал саммит муваффақиятли ўтишини тилади.

 Шундан сўнг, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Туркманбоши шаҳридаги «Аваза» миллий туризм ҳудудида ўтган БМТнинг Денгизга чиқиш имкони бўлмаган ривожланаётган мамлакатлар бўйича учинчи конференциясида иштирок этди.

Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедов раислигида ўтган тадбирда БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш, Қозоғистон Республикаси Президенти Қосим-Жомарт Тоқаев, Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмон, шунингдек, бошқа қатор давлат ва ҳукуматлар, халқаро ва минтақавий ташкилотлар раҳбарлари ҳам иштирок этди.

Кун тартибига мувофиқ, транспорт жиҳатидан ўзаро боғлиқликни мустаҳкамлаш ва савдо тартиб-таомилларини соддалаштириш, иқтисодиётни трансформация қилиш, иқлим ўзгариши ва экологик таҳдидларга бардошлиликни ошириш, Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишнинг долзарб масалалари кўриб чиқилди.

Давлатимиз раҳбари сўзининг аввалида Туркманистоннинг Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш, глобал ва минтақавий барқарорлик ва фаровонликни таъминлашга қаратилган саъй-ҳаракатларини юксак баҳолади.

Конференцияда муҳокама қилинаётган масалалар ҳаётий муҳим аҳамиятга эга эканини, чунки денгиз портларидан жўғрофий узоқлик ва бир неча мамлакат ҳудудларини кесиб ўтиш зарурати бир қатор объектив муаммоларни келтириб чиқараётганини таъкидлади.

Тарифларнинг юқорилиги, транспорт йўлаклари ва инфратузилмасининг чекланганлиги, бошқа мамлакатларнинг божхона-транзит сиёсатига қарамлик шулар жумласидан.

Жаҳон банки маълумотларига кўра, катта транспорт харажатлари ва транзитнинг беқарорлиги туфайли Марказий Осиё минтақаси ҳар йили ялпи ички маҳсулотнинг 2 фоизигача йўқотмоқда.

Логистика харажатлари товарлар қийматининг 60 фоизигача қисмини ташкил этади, бу эса жаҳондаги ўртача кўрсаткичдан бир неча баробар юқоридир.

Шу муносабат билан янги ишончли транзит йўлаклари ва логистика инфратузилмасини ривожлантириш Марказий Осиёда барқарор тараққиётнинг муҳим шартига айланмоқда.

– Бугун бизни бирлаштирган кун тартиби фундаментал масала – адолат масаласига дахлдордир. Бу – денгизга чиқиш йўлига эга бўлмаган давлатларга жаҳон иқтисодиётида тенг шароитларда иштирок этиш имкониятини таъминлашдир, – деди Ўзбекистон етакчиси.

Шу билан бирга, ушбу долзарб муаммони ҳал қилиш учун учта принципиал шартни бажариш лозим.

Булар барқарор ривожланиш асоси сифатида инфратузилмани модернизация қилиш, транзит муаммоларининг олдини олиш мақсадида ўзаро боғлиқликни кучайтириш ва глобал тенг ҳуқуқлиликнинг асосий элементи бўлган ривожланиш ҳуқуқини таъминлашдир.

Сўнгги йилларда Ўзбекистонда хусусий секторни фаол жалб қилган ҳолда замонавий транспорт-логистика тармоғини шакллантириш бўйича тизимли қадамлар қўйилди. Савдо-транспорт жараёнларини рақамлаштириш бўйича салмоқли ишлар амалга оширилди.

Амалга оширилаётган таркибий иқтисодий ислоҳотлар, савдо тизимини либераллаштириш ва инвестиция муҳитини тубдан яхшилаш сезиларли натижалар бермоқда: рақобатбардошлик ошди, инновацион ривожланиш жадаллашди.

– Марказий Осиёда ўзаро ишонч ва шериклик янги даражага кўтарилгани эса жадал ўзгаришларга кучли туртки бермоқда, – деди давлатимиз раҳбари.

Бугун минтақада ягона транспорт-логистика макони шаклланмоқда. Марказий Осиёни Шарқ ва Ғарб, Шимол ва Жануб ўртасидаги тўлақонли транзит хабига айлантиришга қаратилган дастур ва лойиҳалар амалга оширилмоқда.

Кейинги йилларда товар айирбошлаш ҳажми 4,5 баробар кўпайди. Инвестициялар икки баробар, қўшма корхоналар сони беш баробар кўпайди.

Жорий йилда ҳамкорлар билан “Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон” темир йўли қурилиши бошланди, “Ўзбекистон – Туркманистон – Эрон – Туркия” транспорт йўлаги орқали юк ташиш ҳажми сезиларли даражада ошди.

Денгизга чиқиш имкони бўлмаган мамлакатларнинг умумий таҳдид ва муаммоларини бартараф этиш мақсадида Ўзбекистон Президенти қатор аниқ таклиф ва ташаббусларни илгари сурди.

Аввало, халқаро транспорт йўлаклари ва инфратузилмасини жадал ривожлантириш учун ўзаро мувофиқлашган ҳаракатларни амалга ошириш зарурлиги таъкидланди.

Шу маънода, «Ўзбекистон – Афғонистон – Покистон» темир йўлини қуриш лойиҳасини амалга оширишни жадаллаштириш ва уни қурилаётган «Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон» темир йўл магистрали билан туташтириш муҳимлиги таъкидланди.

– Бу кенг минтақамизда янги савдо-иқтисодий макон ва барқарор транспорт инфратузилмасини шакллантириш учун катта имкониятлар очади, – деди Ўзбекистон етакчиси.

Давлатимиз раҳбари Ўрта йўлак салоҳиятини, энг аввало, ўзаро келишилган транзит сиёсатини юритиш, қоидаларни унификация қилиш ва контейнер ташувлари учун мақбул тарифларни жорий этиш орқали тўлиқ ишга солишга чақирди.

Ўзбекистон Президенти, шунингдек, БМТ шафелигида денгизга чиқиш йўлига эга бўлмаган мамлакатлар учун Транзит кафолатлари тўғрисидаги глобал битимни ишлаб чиқишни таклиф қилди.

Ҳужжат портлар ва коммуникациялардан адолатли фойдаланиш шартларини таъминлаш, юк ташишда хавф-хатарларни пасайтириш, глобал логистикада тенгсизликни камайтиришга қаратилган.

Йирик инфратузилма лойиҳаларини молиялаштириш учун мослашувчан инвестиция воситаларига талаб ортиб бораётганини ҳисобга олиб, давлатимиз раҳбари БМТ шафелигида Денгизга чиқиш йўлига эга бўлмаган мамлакатларнинг логистика интеграциясига кўмаклашиш жамғармасини тузиш ташаббусини илгари сурди. Марказий Осиё мамлакатларининг транспорт инфратузилмаси учун инвестицияларга бўлган эҳтиёжи йилига қарийб 40 миллиард долларга баҳоланмоқда.

Шунингдек, Ўзбекистон раҳбари транзит имкониятларининг чекланишини холисона аниқлаш, халқаро молиявий-техник дастурларни кенгайтириш ва ресурсларни реал шароитларни ҳисобга олган ҳолда самарали тақсимлаш мақсадида денгизга чиқиш йўлига эга бўлмаган мамлакатларнинг Заифлик глобал индексини ишлаб чиқиш ташаббусини илгари сурди.

Ўзбекистонда аграр соҳани ривожлантириш бўйича Инновацион хабни ташкил этиш таклифини амалга ошириш муҳимлигига эътибор қаратилди. Бу мослашувчан агротехнологияларни жорий этиш, сувни тежаш ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш бўйича инновацион лойиҳаларни илгари суриш, билим ва тажриба алмашишга хизмат қилади.

Ўзбекистон Президенти етакчи экспертлар ва «ақл марказлари»ни умумий таҳдидларни енгиб ўтиш бўйича таклифлар ишлаб чиқишга фаол жалб қилиш, шу жумладан, халқаро анжуман ва давра суҳбатлари ўтказиш муҳимлигини қайд этди.

– Бундай тадбирлар кун тартибига глобал ишлаб чиқариш занжирларига мамлакатларимизнинг чуқур интеграциясини таъминлаш, сунъий интеллект ва рақамли технологияларни жадал ривожлантириш, трансчегаравий инвестицияларни кенгайтириш ва стартапларни қўллаб-қувватлаш масалаларини киритиш мумкин, – деди Президент.

Шунингдек, Ўзбекистон денгизга чиқиш йўлига эга бўлмаган мамлакатлар учун Халқаро таҳлил маркази фаолиятига қўшилиш ниятида экани маълум қилинди.

Сўзининг якунида давлатимиз раҳбари мамлакатимиз глобал тараққиётнинг янада адолатли архитектурасини шакллантириш бўйича конструктив ва узоқ муддатли шерикликка тайёр эканини тасдиқлади.

Конференция якунида Аваза сиёсий декларацияси қабул қилинди.

 БМТнинг Денгизга чиқиш имконияти бўлмаган ривожланаётган мамлакатлар бўйича конференцияси доирасида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш билан учрашуви бўлиб ўтди.

Глобал ва минтақавий тараққиётнинг долзарб масалалари, шу жумладан, БМТ Бош Ассамблеясининг бўлажак 80-юбилей сессиясини ўтказиш масалалари кўриб чиқилди.

Шу маънода, Ўзбекистон етакчиси Бош котибнинг халқаро тинчлик ва барқарорликни таъминлаш, БМТ ва унинг асосий институтларини замонавий воқеликка мослаштириш мақсадида ислоҳ қилиш борасидаги ташаббусларини қатъий қўллаб-қувватлади.

Ўзбекистон билан БМТ ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни янада кенгайтириш, Антониу Гутерришнинг ўтган йил июль ойидаги мамлакатимизга ташрифи давомида эришилган келишувларни амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилди.

Бугунги кунда 160 та қўшма дастур ва лойиҳа муваффақиятли амалга оширилаётгани мамнуният билан қайд этилди.

Сўнгги бир неча йилда Ўзбекистон ташаббуси билан БМТ Бош Ассамблеясининг 13 та резолюцияси қабул қилинди.

Жорий йилда Ташкилотнинг асосий тузилмалари ва институтлари, жумладан, БМТ-Хабитат ва ЮНИСЕФ раҳбарлари Ўзбекистонга ташриф буюрди, Тошкентда «БМТ-Аёллар» тузилмасининг ваколатхонаси очилди.

Давлат хизмати масалалари бўйича форум биргаликда ўтказилди. Самарқанд шаҳрида ЮНЕСКО Бош конференциясининг 43-сессиясига қизғин тайёргарлик кўрилмоқда.

Мамлакатимиз Глобал барқарор ривожланиш мақсадлари индекси бўйича энг илғор бешта давлат қаторига кирди. БРМга эришиш нуқтаи назаридан БМТ билан ҳамкорлик бўйича янги беш йиллик дастур имзоланиши кутилмоқда.

Марказий Осиёда интеграцияни чуқурлаштириш, Афғонистонни минтақавий ҳамкорлик жараёнларига жалб этиш масалалари муҳокама қилинди.

Учрашув якунида томонлар амалий ҳамкорликни янада ривожлантириш, қўшма дастур ва лойиҳаларни кенгайтиришга тайёр эканини таъкидладилар.

 Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Туркманистонга амалий ташрифи доирасида Грузия Бош вазири Ираклий Кобахидзени қабул қилди.

Савдо-иқтисодиёт, транспорт-логистика ва маданий-гуманитар соҳалардаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди.

Грузия Бош вазирининг жорий йил март ойида Ўзбекистонга ташрифи давомида эришилган келишувларни амалга ошириш натижалари мамнуният билан қайд этилди.

Фаол идоралараро алоқалар давом этмоқда, ташқи ишлар ва иқтисодиёт вазирларининг учрашувлари ўтказилди. Товар айирбошлаш ва юк ташиш ҳажми, қўшма лойиҳа ва корхоналар сони ошмоқда.

Ўзаро товар етказиб беришни кўпайтириш, қишлоқ хўжалиги, тўқимачилик, электротехника, фармацевтика, озиқ-овқат тармоқларида, шунингдек, логистика соҳасида кооперация лойиҳаларини илгари суриш бўйича мувофиқлаштирилган чоралар кўриш муҳимлиги қайд этилди.

Авазада ўтган БМТнинг Денгизга чиқиш имкони бўлмаган ривожланаётган мамлакатлар бўйича учинчи конференцияси доирасида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев, Туркман халқининг миллий етакчиси, Халқ Маслаҳати Раиси Гурбангули Бердимуҳамедов ва Озарбайжон Бош вазири Али Асадовнинг уч томонлама учрашуви бўлиб ўтди.

Ўзаро манфаатли минтақавий ҳамкорликни кенгайтириш ва қўшма лойиҳаларни илгари суриш масалалари кўриб чиқилди.

Энг аввало, энергетика, транспорт ва логистика, саноат ва қишлоқ хўжалиги соҳаларида кооперация учун имкониятлар мавжудлиги қайд этилди.

Амалий ҳамкорликнинг истиқболли лойиҳаларини ишлаб чиқиш учун мазкур форматдаги мулоқотларни давом эттиришга келишиб олинди.

 БМТнинг Денгизга чиқиш имкони бўлмаган ривожланаётган мамлакатлар бўйича учинчи конференцияси доирасида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедовнинг учрашуви бўлиб ўтди.

Давлатимиз раҳбари Сердар Бердимуҳамедовни Халқаро тинчлик ва ишонч йилида БМТнинг глобал конференцияси юқори савияда ўтказилгани билан самимий қутлаб, Туркманистоннинг юксак давлат мукофоти – «Ҳамкорликни ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун» ордени билан тақдирлагани учун миннатдорлик билдирди.

Бўлажак олий даражадаги тадбирларга тайёргарлик доирасида Ўзбекистон – Туркманистон дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатларини янада кенгайтиришнинг долзарб масалалари кўриб чиқилди.

Ўзаро товар айирбошлаш изчил ортиб бораётгани, саноат, энергетика, транспорт, қишлоқ ва сув хўжалиги соҳаларида кооперация кенгайиб бораётгани мамнуният билан қайд этилди. Фаол ҳудудлараро ва гуманитар алмашинувлар давом этмоқда.

Жорий йилда ўтказилиши режалаштирилган ҳукуматлараро комиссиялар йиғилишлари, Ишбилармонлар кенгаши, Ҳудудлар форуми ва қатор маданий тадбирлар натижадорлигини таъминлаш муҳимлиги таъкидланди.

Минтақавий кун тартиби юзасидан ҳам фикр алмашилди, олий даражадаги учрашувлар режаси кўриб чиқилди.

 БМТнинг Денгизга чиқиш имкони бўлмаган ривожланаётган мамлакатлар бўйича конференцияси доирасида давлат раҳбарлари Марказий Осиё мамлакатлари ва Озарбайжон миллий кунларига бағишланган тадбирларда иштирок этдилар.

Миллий кунлар минтақа халқларининг бой маданий меросини, мустаҳкамланаётган қўшничилик алоқаларини ва кенгайиб бораётган маданий-гуманитар ҳамкорлигини намойиш этиш мақсадида уюштирилди.

Бу ерда анъаналар ва ҳунармандчиликка бағишланган, маданият, санъат ва туризм соҳаларидаги замонавий ютуқлар акс этган миллий павильонлар очилган. Шунингдек, миллий таомлар кўргазмаси ва пазандачилик бўйича маҳорат дарслари ташкил этилган.


Анъанавий ўзбек ҳовлиси кўринишида қурилган Ўзбекистон павильони ташриф буюрувчиларда ёрқин таассурот қолдирди.

Тадбир минтақавий ўзига хослик ва маданий ранг-барангликнинг навбатдаги намунаси сифатида ўзаро англашувни мустаҳкамлашга ҳамда Марказий Осиёни тинчлик, барқарорлик ва фаровонлик макони сифатида намоён этишга хизмат қилди.

Шу билан Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Туркманистон Республикасига амалий ташрифи якунланди.

ЎзА