Об-ҳаво инқирози: Европа бўйлаб жазирама хавфи эълон қилинди

Испания ва Португалия кучайиб бораётган иссиқ ҳаво ва ўрмон ёнғини хавфи туфайли юқори даражали огоҳлантириш ҳолатига ўтди. Қитъанинг бошқа ҳудудларида ҳам фавқулодда иқлим шароити кузатилмоқда.
Португалияда ҳарорат 36-44°С оралиғида ўзгаряпти. Ички ишлар вазири Мария Лусия Амарал мамлакат бўйлаб ўрмонга кириш тақиқланишини эълон қилди. Шунингдек, мушакбозлик, олов ёқиш ва техника воситаларидан фойдаланиш ҳам вақтинча ман этилди.
Доуро минтақасида жойлашган бир қишлоқ аҳолиси ёнғин сабаб эвакуация қилинди. Душанба ва сешанба кунлари шимолдаги беш вилоят қизил, қолган минтақалар тўқ сариқ ва сариқ огоҳлантириш даражасига киритилди. Фавқулодда ҳолат пайшанбагача давом этиши кутиляпти.

Испанияда Шимолий Африкадан келган иссиқ ҳаво оқими туфайли ёзнинг иккинчи иссиқ тўлқини бошланди. Жазирама Андалусия, Эстремадура, Кастилия-Ла Манга ва Галисия ҳудудларини қамраб олган. Гвадалкуивир водийсида ҳарорат 42 даражага чиқиши мумкин.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги бутун мамлакат бўйлаб “қизил хавф” ҳолатини жорий қилди. Иссиқлик бугун энг юқори чўққисига кўтарилади.

Норвегия, Швеция ва Финляндия каби иқлими совуқ давлатлар ҳам одатдагидан анча иссиқ ҳавони бошдан кечирмоқда. Июль ойида Финляндия кетма-кет 30°С дан юқори иссиқни бошдан кечирди. Норвегияда 12 кун янаям юқори ҳарорат кузатилди. Шимолий ҳудудларда момақалдироқ ва чақмоқ тез-тез ёнғин келтириб чиқаряпти.
Польша шарқида аҳоли кучли шамол, ёмғир ва дўлдан огоҳлантирилди. Иссиқ ҳаво билан бирга баъзи жойларда шамол тезлиги 80 км/соатга етди.
Италияда ёз давомида кузатилган иссиқ тўлқин ўрнини ёмғирли об-ҳаво эгалламоқда. Адриатика соҳилида кучли ёғингарчилик юз бермоқда. Пиомбино шаҳрида 70 ёшли эркак чақмоқ уриши натижасида ҳушидан кетди. Тез ёрдам хизмати уни жонлантиришга муваффақ бўлди.
Бутун Европада авж олаётган жазирама ва ёмғирли об-ҳаво фуқаролардан ҳушёрлик, эҳтиёт чораси ва расмий огоҳлантиришга риоя этишни талаб қиляпти.
Мусулмон Зиё, ЎзА