“СИРЛИ ОЛАМ” – Вақт доираси: чексиз кунлар ичида қолиб кетган инсонлар (+видео)
Тасаввур қилинг: сиз уйғонасиз… тонгги қуёш, худди кечаги каби. Ташқаридаги одамлар, юз ифодалари, айтилаётган сўзлар – барчаси бир хил. Кун бўйи нима бўлишини олдиндан биласиз.
Чунки бу кун… аллақачон бўлган. Ҳатто бир неча бор. Сиз эса ундан чиқиб кета олмаяпсиз. Гўё вақт ўз доирасига кириб, сизни ўша доира ичида қамаб қўйган.
Бу — time loop, яъни вақт доираси деб аталади. Илмий фантастика оламининг энг сирлилиги ва ҳайратланарлиси. Аслида бундай ҳолатлар фақат фильмларда бўладими? Ёки ҳаётда ҳам вақт биз билан ўйнайдими?
Кўплаб машҳур фильмларда инсонлар айнан бундай вақт доирасида қолиб кетган. Улар ҳар гал бир кунни қайта-қайта бошдан кечиришади. Ўлади, уйғонади ва яна ҳаммаси бошидан. Фақат бир шарт бор — то улар ниманидир тушунмагунча ёки ўзгартирмагунча вақт давом этмайди.
Аммо бу фақат фантастик тасаввурларми? Қизиқ, реал ҳаётда ҳам шунга ўхшаш ҳолатлар бор. Масалан, дежа ву – бирор ҳолатни илгари кўргандек ҳис қилиш. Ёки одамнинг кундалик ҳаёти шу қадар бир хиллашиб кетадики, у ўзини “вақт тўхтаб қолгандек” ҳис қилади. Ҳар тонг – худди кечагидек. Ҳар сафар янги кун — аммо бир хил қайғу, бир хил иш, бир хил йўналиш…
Баъзилар эса оғир психологик ҳолатга тушиб қолганида, айни бир даҳшатли ҳодисани онгида қайта-қайта бошдан кечиради. Бу — руҳий травманинг вақтни “музлатиб қўйиши” билан боғлиқ. Физиологик вақт давом этса ҳам, онг учун у бир нуқтада қолиб кетган.
Демак, вақт фақат соатга қарамасдан ўтадиган физик ҳодиса эмас. Вақт — бу бизнинг онгу тафаккуримизда шаклланадиган мураккаб тушунча. Баъзида эса, у биз билан ўйнайди. Шу ўйиннинг марказида эса инсон туради — тушунишга, қабул қилишга ва чиқиб кетишга уринаётган онгли мавжудот.
Ирода Жўраева, Нишонбой Абдувоитов, Искандар Исматов (видео), ЎзА