Хотин-қизлар ва эркаклар тенг ҳуқуқлидир…
Инсоннинг ҳар томонлама тенглиги – инсон ҳуқуқлари соҳасидаги муҳим принциплардан биридир. Жамият ҳаётининг барча соҳаларида аёллар билан эркаклар ўртасида тўлиқ тенгликка эришиш ушбу принципнинг асосий талаби ҳисобланади.
Тарихдан маълумки ақл заковати, иқтидори билан миллат шаъни, шуҳратини юксакларга кўтарган, жамият ривожига муносиб ҳисса қўшган хотин-қизлар кўп бўлган. Бугунги кунда ҳам хотин-қизлар жуда фаол, улар деярли барча соҳаларда меҳнат қилмоқда. Ўқитувчи, шифокор, тадбиркор, фермер, ҳарбий ва ҳоказо. Демак, гендер тенгликка эришилмоқда.
Оила ва хотин-қизлар қўмитаси томонидан Осиё тараққиёт банкининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ҳамкорлигида Маслаҳат кенгашлари учун “Хотин-қизлар ва эркаклар тенг ҳуқуқ ва имкониятларини янада кенгайтириш” мавзусида ўтказилган ўқув семинари ҳам жамиятда гендер тенгликни таъминлаш масаласига бағишланди.
Тадбирда вазирлик ва идораларда хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятларни таъминлаш масалалари бўйича ташкил этилган маслаҳат кенгаши органлари аъзолари, хотин-қизлар масалалари бўйича масъуллар, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Маълумки гендер тенглик ҳар бир жамият тараққиёти, демократик қадриятлар устуворлиги ва инсон ҳуқуқларининг тўлиқ амалга оширилишида муҳим кўрсаткич ҳисобланади.
Халқаро даражада қабул қилинган Пекин декларацияси ва Ҳаракат платформаси, Барқарор ривожланиш мақсадлари (БРМ) каби ҳужжатлар аёллар ҳаётини яхшилашда муҳим стратегик йўналиш бўлиб хизмат қилмоқда. Жорий йилда Пекин декларацияси ва Ҳаракатлар платформаси қабул қилинганига 30 йил тўлади. Бу ҳужжат аёллар ҳуқуқлари ва гендер тенглиги бўйича глобал кун тартибини белгилаган тарихий ҳужжатдир. Ушбу декларация ва Платформа 189 та давлат томонидан қўллаб-қувватланган. У аёллар ва қиз болаларнинг ижтимоий, сиёсий, иқтисодий ва маданий ҳаётда тўлиқ ва тенг иштирокини таъминлашга қаратилган.
Декларация принцип ва қоидалари кўплаб давлатлар, жумладан, Ўзбекистон миллий стратегияларининг асосига айланди ва аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларнинг манфаатларини таъминлаш ҳамда жамиятнинг барча соҳаларида тенг имкониятлар яратиш бўйича кенг кўламли ислоҳотларга туртки берди. Таъкидланганидек, мамлакатимизда ҳам сўнгги йилларда аёллар ҳуқуқларини таъминлаш ва имкониятларини кенгайтириш борасида бир қатор тизимли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
“Янги Ўзбекистон – 2030” стратегияси доирасидаги ислоҳотлар Пекин Ҳаракатлар платформаси тамойилларига таянган ҳолда аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва гендер тенглигини таъминлаш бўйича сезиларли силжишларга олиб келди. Ушбу ислоҳотларнинг асоси 2023 йилда қабул қилинган янги таҳрирдаги Конституцияда мустаҳкамланган “Инсон қадри учун” тамойилидир. Унда Ўзбекистон дунёвий, демократик ва ижтимоий йўналтирилган давлат сифатида белгиланган.
Пекин Ҳаракат платформаси аёллар ҳаётига таъсир этувчи 12 та муҳим соҳани қамраб олган бўлиб, ушбу йўналишларда мавжуд муаммоларни ҳал этиш орқали гендер тенгликка эришиш мақсад қилинган. Бу борада мамлакатимизда бир қатор ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, қонунчиликни мустаҳкамлаш йўналишида 100 га яқин меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди. Шу жумладан, 2030 йилгача Гендер тенгликни таъминлаш стратегияси ишлаб чиқилди. 2023 йилда янгиланган Конституцияда аёллар ва эркаклар тенг ҳуқуқлилиги мустаҳкамланиб, барча соҳаларда тенг имкониятлар кафолатланди. Меҳнат кодексига киритилган ўзгартиришлар эса халқаро стандартларга мос равишда тенг иш ҳақи таъминланишига йўл очди. 2019 йилда “Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ва имкониятлар кафолати тўғрисида” ги Қонун қабул қилинди. Оиладаги зўравонликка қарши курашиш бўйича қонунчилик такомиллаштирилди.
Институционал ислоҳотлар йўналишида Оила ва хотин-қизлар қўмитаси фаолияти такомиллаштирилди. Давлат органлари ва ташкилотларда, шу жумладан, хусусий секторда хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятларни таъминлаш масалалари бўйича маслаҳат-кенгаш органлари, хотин-қизлар билан ишлаш бўйича махсус тузилмалар фаолияти йўлга қўйилди.
Аёлларнинг иқтисодий имкониятларини кенгайтириш йўналишида ҳам қатор чора-тадбирлар бажарилди. Аёллар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш учун имтиёзли кредитлар, грантлар ва таълим курслари жорий этилди. Қишлоқ жойларда иш ўринлари ва касб-ҳунарга ўқитиш дастурлари амалга оширилмоқда. “Аёллар дафтари” жорий этилиб, муаммоли тоифадаги хотин-қизлар билан мақсадли иш олиб борилмоқда.
Шунингдек, таълим тизимида гендерга йўналтирилган ёндашувлар жорий этилгани тенг имкониятлар маданиятига эга янги авлодни тайёрлашга хизмат қилмоқда. Аёлларнинг сиёсий жараёнларда ва қарорлар қабул қилишдаги иштироки оширилгани ҳам эътиборга сазовор. Аёлларнинг қарор қабул қилишдаги иштироки давлат бошқаруви тизимининг барқарор ва мувозанатли бўлишига ҳисса қўшмоқда. Шу мақсадда Сайлов кодексига ўзгартиришлар киритилиб, сиёсий партиялардаги аёл номзодлар учун энг кам квота 30 фоиздан 40 фоизгача оширилди. Бугунги кунда 2 мингдан ортиқ аёл раҳбарлик лавозимларида, шу жумладан, 240 нафари ижро этувчи ҳокимият органларида фаолият юритмоқда.
Ўқув семинарида “Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ва имкониятлар кафолати тўғрисида” ги қонунда белгиланган қоидалар ижросини тўлиқ таъминлаш, идоралараро тажриба алмашинувни кенгайтириш, муваффақиятли тажрибаларни оммалаштириш, меҳнат жамоаларида аёллар ва қизларни янги билим ва замонавий воситалар билан таъминлаш, таълим ва иш соҳасида истиқболларини ошириш, аёлларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг тадбиркорлик ташаббусларини ривожлантириш ва бандликдаги тўсиқларни бартараф этиш учун давлат ва бизнес ўртасидаги ҳамкорликни рағбатлантириш, юридик ёрдам, зўравонликнинг олдини олиш бўйича ахборот кампанияларини ўз ичига олган комплекс ҳимоя чораларини ривожлантириш, давлат хизматчилари ўртасида гендер масалалари бўйича хабардорликни ошириш, меҳнат фаолиятида гендерга сезгир ёндашувларни жорий этиш масалалари муҳокама этилди.
Модератор ва экспертлар томонидан мавзу юзасидан тренинг машғулотлари ўтказилди. Тадбир якунида семинар иштирокчиларига халқаро даражадаги сертификатлар топширилди.
Тадбирда Бош вазир ўринбосари – Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси Зулайҳо Маҳкамова иштирок этди.
Камола Юсупова, Носиржон Ҳайдаров (сурат), ЎзА