Темир йўл транспорти инфратузилмаси хавфсизлиги тўғрисидаги Техник регламент тасдиқланди
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси “Темир йўл транспорти инфратузилмаси хавфсизлиги тўғрисидаги техник регламентни тасдиқлаш ҳақида” қарор қабул қилди.
Унга мувофиқ:
Темир йўл транспорти инфратузилмаси хавфсизлиги тўғрисидаги Техник регламент;
Темир йўл транспорти инфратузилмаси хавфсизлиги тўғрисидаги Техник регламентни жорий этиш схемаси тасдиқланди.
Темир йўл транспорти инфратузилмаси хавфсизлиги тўғрисидаги Техник регламент умумий фойдаланишдаги ва умумий фойдаланишда бўлмаган темир йўл транспорти инфратузилмасига нисбатан қўлланади.
Техник регламент талаблари Ўзбекистон Республикаси ҳудудида темир йўл транспорти инфратузилмаси объектларини лойиҳалаштириш (жумладан, тадқиқотлар олиб бориш), ишлаб чиқариш, қуриш, монтаж қилиш, қурилиши якунланган объектларни фойдаланишга киритиш, қабул қилиш ва топширишда, шунингдек, темир йўл маҳсулотининг мувофиқлигини баҳолашда мажбурий ҳисобланади.
Темир йўл транспорти инфратузилмаси Техник регламентнинг техник жиҳатдан тартибга солиш объекти ҳисобланади ва:
а) темир йўл транспорти инфратузилмасининг темир йўл, темир йўл электр таъминоти, темир йўл автоматикаси ва телемеханикаси, темир йўл электр алоқаси, шунингдек, станция бинолари, иншоотлари ва қурилмалари каби қуйи тизимларини;
б) Техник регламентда кўрсатилган темир йўл транспорти инфратузилмаси қуйи тизимларининг таркибий қисмлари ва қуйи тизимларининг таркибий қисмлари элементларини ўз ичига олади.
Ушбу Техник регламент 200 km/h дан ортиқ тезликда ҳаракатланувчи поездлар учун мўлжалланган юқори тезликда ҳаракатланадиган темир йўл транспорти инфратузилмасига татбиқ этилмайди.
Ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш қисми бўйича темир йўл транспорти инфратузилмасидан фойдаланишга нисбатан қўйиладиган талаблар темир йўл транспорти тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатлари билан белгиланади.
Техник регламент расмий эълон қилинган кундан бошлаб олти ой ўтгач амалга киритилади.
Қарорга кўра Ўзбекистон Республикаси ҳудудида қурилиши, ишлаб чиқарилиши, ўрнатилиши, ясалиши ва ишга туширилиши Техник регламент кучга кирган санадан олдин тугатилган маҳсулотлар учун мувофиқлик сертификатлари ёки декларациялари уларда кўрсатилган муддат давомида амал қилади.
ЎзА