“Нуробод технопарки” махсус саноат зонаси ташкил этилади
Ўзбекистон Республикаси Президенти “Самарқанд вилоятида “Нуробод технопарки” махсус саноат зонасини ташкил этиш чора-тадбирлари тўрисида” қарор қабул қилди.
Унга мувофиқ, Самарқанд вилоятининг Нуробод тумани Сазағон массивидаги бўш турган 115,3 гектар ер участкаси «Ургут» эркин иқтисодий зонаси ҳудудидан чиқарилиб, ушбу ҳудудда «Нуробод технопарки» махсус саноат зонаси ташкил этилади.
Қарор билан Самарқанд вилояти Нуробод туманида инвестиция муҳитини янада яхшилаш ва саноатни ривожлантиришнинг 2025-2030 йилларга мўлжалланган мақсадли кўрсаткичлари белгиланди. Булар:
а) туманда юқори даромадли янги иш ўринларини яратиш мақсадида юқори технологияли замонавий ва сифатли саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш қувватларини ишга тушириш;
б) 2025-2030 йилларда юқори технологияли замонавий ва сифатли саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш лойиҳаларига жами 1,1 миллиард АҚШ доллари миқдоридаги тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилиш;
в) юқори технологияли замонавий ва сифатли саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш қувватларини яратиш орқали 5,1 минг доимий иш ўринларини яратишдан иборат бўлади.
Мазкур қарор билан «Нуробод технопарки» махсус саноат зонаси таркибига кирувчи ҳудудлар чегараларининг тавсифи ҳам тасдиқланди.
Маълумот ўрнида, олдинроқ Самарқанд вилояти ҳокимлиги ҳамда «Xinjiang Urumqi New Vision Investment Development Co., Ltd» (Хитой Халқ Республикаси) компанияси ўртасида Инвестор томонидан 2030 йилга қадар махсус саноат зонаси ҳудудига жами 472 миллион АҚШ доллари, шундан 2025-2027 йилларда 250 миллион АҚШ доллари, 2027-2029 йилларда қўшимча ер ажратилган ҳолда 222 миллион AҚШ доллари миқдоридаги тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни босқичма-босқич жалб қилиб, юқори технологияли замонавий ва сифатли саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш қувватларини ишга тушириш бўйича келишувга эришилган, махсус саноат зонасини бошқариш учун Инвестор муассислигида масъулияти чекланган жамият шаклида «New Vision Investment Development» МЧЖ хорижий компанияси ташкил этилган эди.
ЎзА