Соғлом овқатлантиришни ташкил этишга бағишланган пресс-тур ўтказилди

123

Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан юртимиздаги давлат мактабгача таълим муассасаларида ауцорсинг усулида соғлом овқатлантиришни ташкил этиш жараёнларига бағишланган пресс-тур ташкил этилди.

Нукус шаҳридаги 27-сонли давлат мактабгача таълим муассасаси мисолида ташкил этилган тадбир аввалида давлат мактабгача таълим муассасаларида ауцорсинг усулида соғлом овқатлантиришни ташкил этиш жараёнлари хусусида атрофлича маълумот бериб ўтилди.

Таъкидланганидек, ҳозирги кунда юртимиздаги мавжуд 6 минг 798 та давлат мактабгача таълим муассасасининг 1 минг 172 тасида ёки 17,2 фоизида 83 та тадбиркорлик субектлари томонидан ауцорсинг усулида овқатлантириш йўлга қўйилган. Қолган 5 минг 626 тасида анъанавий (таъминотчилар томонидан озиқ-овқат етказиш орқали) усулда овқатлантириш амалга оширилмоқда.

Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 6 январдаги тегишли қарорида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида, ауцорсинг усулида соғлом овқатлантириш ташкил этиладиган давлат мактабгача таълим ташкилотларининг сони, рўйхати ва бошқа тегишли маълумотлар тайёрланди.

Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси билан биргаликда мавсумлар кесимида “Ягона мавсумий таомнома” ишлаб чиқилди ва тасдиқланди. Бунда давлат МТТларида “Ягона мавсумий таомнома” асосида озиқ-овқат харажатларининг (натура кўринишида) ҳисоби “Болалар боғчаси” ахборот тизимида яратилган модуллар орқали юритилади. Шу билан бирга мазкур ҳисобот электрон ҳукуматнинг идоралараро маълумотлар узатиш тармоғи орқали Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг ахборот тизимига автоматик тарзда юборилади.

Айни вақтда ҳудудий ҳокимликлар томонидан бир нафар тарбияланувчи учун жорий йилги нархлар шакллантирилди ҳамда бир кунлик соғлом овқатлантириш нархлари тасдиқланди. Шунингдек, Товар-хом ашё биржасининг давлат харидлари электрон тизими орқали давлат мактабгача таълим ташкилотларида ауцорсинг усулида соғлом овқатлантиришни ташкил этиш бўйича тадбиркорлик субъектлари учун эълонлар жойлаштирилган.

Ауцорсинг усулида соғлом овқатлантиришни ташкил этиш жараёнлари давлат мактабгача таълим ташкилотларида фаолият кўрсатувчи ҳамда ота-оналар ва бошқа жамоатчилик вакилларидан иборат Кузатув кенгашлари аъзолари томонидан доимий қараб борилади.

Пресс-тур иштирокчилари мазкур давлат мактабгача таълим муассасасида ауцорсинг усулида соғлом овқатлантиришни ташкил этиш жараёнлари билан танишди ва ўзларини қизиқтирган саволларига жавоб олишди.

Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА