Депутат жойларда аҳоли муаммоларини ўрганди
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати, ЎзХДП фракцияси аъзоси Сайёра Имомова Қорақалпоғистон Республикаси Нукус туманида бўлиб, ҳудуддаги мавжуд муаммолар ва уларга ижобий ечим топиш, тиббиёт муассасасида аҳолига сифатли тиббий ёрдам кўрсатилиши ҳолатини ўрганиш мақсадида тадбиркорлик билан шуғулланаётган аҳоли, кам таъминланган оилалар вакиллари билан учрашди ва уларнинг фикр-мулоҳазаларини тинглади.
Дастлаб партия гуруҳлари аъзолари фаолиятини самарали ташкил қилиш бўйича услубий ёрдам кўрсатиш мақсадида халқ депутатлари Нукус туман Кенгаши котибиятида депутатлар билан учрашди ва уларнинг фаолиятини самарали ташкил қилиш борасида тавсиялар берилди.

Шу куни депутат “Ток тау” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги “Пирман уста” оилавий корхонасига ташриф буюриб, у ердаги шароитлар билан танишди ва тадбиркор билан мулоқот қилди. Мазкур оилавий корхонада нон цехи ва озиқ-овқат дўкони ташкил этилган бўлиб, “Аёллар дафтари”да ҳисобда турувчи ижтимоий ҳимояга муҳтож 6 нафар хотин-қизнинг бандлиги таъминланган. Шунингдек, тумандаги 1-сонли умумтаълим мактабидаги шароитлар, янги ўқув йилига тайёргарлик ишлари билан танишди. Янги ўқув йили олдидан мактаб раҳбарияти ва ходимлари билан мулоқот қилди.

Бундан ташқари, маҳалла фуқаролар йиғинидаги “маҳалла еттилиги” вакиллари билан мулоқот давомида ҳудуд ободлиги ва аҳоли фаровонлигини яхшилаш, камбағалликдан чиқаришга кўмаклашиш, бандлигини таъминлаш, маҳалладаги аёлларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг муаммоларини ҳал қилиш, ногиронлиги бўлган шахсларга кўрсатилаётган ёрдам, ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиш борасида амалга оширилаётган ишлар борасида суҳбатлашди ва тегишли тавсиялар берди.
Депутат ушбу маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида яшовчи ўзини ўзи банд қилган фуқаролар Шайдагул Қутлимуратова ва Ильяс Коптилеуовларнинг хонадонларига ташриф буюриб, шароитлари билан танишди.
Шайдагул Қутлимуратова бугунги кунда асаларичилик билан шуғулланиб келаётган бўлса, Ильяс Коптилеуов “Турон банк”дан 30 миллион сўм миқдорида кредит олиб, чорвачилик билан шуғулланмоқда. Бундан ташқари, ўзининг томорқа еридан самарали фойдаланиб, узум етиштириш билан ҳам шуғулланиб келмоқда. Бугунги кунда улар ўзларини ўзлари банд қилиб, доимий даромад манбаига эга бўлишди. Натижада “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизимида кам таъминланган оилалар рўйхатидан чиқарилган.
Депутат Сайёра Имомова Нукус тумани тиббиёт бирлашмасида аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш ҳолати билан танишиб, шифокорлар ва тиббиёт ходимлари билан учрашди. Улар билан мулоқот давомида аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, касалликларни эрта аниқлаш ва даволаш, малакали тиббий хизматдан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш бўйича ўз фикрларини билдирди.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири