Ёшлар учун оромгоҳ ташкил этилди
Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан бошланган “Долзарб 90 кун” лойиҳаси бугунги кунда ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг интеллектуал, маънавий ва жисмоний салоҳиятини рўёбга чиқариш борасида самарали йўналишига айланди.
Мазкур лойиҳа доирасида Самарқанд давлат ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университети Нукус филиали томонидан оромгоҳ ташкил этилиб, ёзги таътилни мазмунли ўтказиш, талабаларни билимга қизиқтириш, фикрлаш маданияти ва жамоавийлик кўникмасини мустаҳкамлаш мақсадида бир қатор маънавий-маърифий, интеллектуал ва спорт тадбирлари ўтказилди. Жумладан, талабалар ўртасида китобга бўлган қизиқишни кучайтириш, таҳлил ва мустақил фикрлашни рағбатлантириш мақсадида сайёр китоб кўргазмалари, викториналар ва китобхонлик танловлари ташкил этилди. Бундан ташқари, ақл-заковат талаб қилувчи “Заковат” интеллектуал ўйини ҳам ўтказилди.

Беллашувлар давомида талабалар билим, тафаккур, зийраклик ва жамоавий ҳаракат каби муҳим қобилиятларини намоён этишди. Ғолиблар ва фаол иштирокчилар диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланишди.
Мазкур тадбирлар орқали талабаларнинг билимга бўлган интилишлари, ижтимоий фаоллиги ва ўз салоҳиятини намоён этишга бўлган иштиёқларини оширмоқда. “Долзарб 90 кун” лойиҳаси доирасида амалга оширилган ҳар бир тадбир ёшлар қалбига ишонч, маънавий куч бағишламоқда.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири