Хитойда “уй ишлари терминатори” – одамсимон робот тақдим этилди
Хитойнинг йирик маиший техника ишлаб чиқарувчиси Haier ўзининг биринчи одамсимон роботи – HIVA Haiwaни жорий этди. Ақлан ривожланган сунъий интеллект тизимига эга бўлган бу робот уй юмушларини мустақил бажарувчи ёрдамчи сифатида тақдим этилмоқда. Компания унга “уй ишлари терминатори” номини берган.
Асосий хусусиятлар:
Бўйи: 165 см,
вазни: 70 кг
Мустақил бажара оладиган ҳаракатлар сони: 44 та
Ҳаракатланиш: ғилдиракли платформа ёрдамида
Етиб бориш баландлиги: 2 метргача
HIVA Haiwa қуйидаги ишларни бажара олади:
– пол ювиш чанг артиш
– овқат тайёрлаш кир ювиш машинасини бошқариш
– кийимларни дазмоллаш ва йиғиштириш.
Ҳозирча робот масофадан бошқарилади, аммо Haier яқин йилларда унга автоном бошқарув тизими жорий қилинишини билдирган – бу эса роботнинг топшириқларни тўлиқ мустақил бажаришини таъминлайди.
HIVA Haiwa илк бор 2025 йил баҳорида АWE (Appliance & Electronics World Expo) кўргазмасида намойиш қилинди. Бу робот Haierнинг гуманоид технологиялардаги илк жиддий маҳсулоти саналади. Компания илгари ҳам SCARA типидаги саноат роботларини ишлаб чиқиб келган бўлиб, бу борада жаҳон бўйича 4-ўрин, Хитойда эса 2-ўринни эгаллайди. Шунингдек, Haier Шенжендаги Step Electric компаниясини сотиб олиш ниятида. Бу эса компаниянинг робототехника соҳасидаги мавқеини мустаҳкамлаши мумкин.
Хитойда нафақат Haier, балки Midea, Changhong, Gree каби бошқа йирик техника брендлари ҳам ўз одамсимон роботлари устида ишламоқда. Бу эса мамлакатда «робот пойгаси» бошланганини англатади. Шу билан бирга, Илон Маск ҳам Tesla Optimus V3 роботини 2025 йил охиригача тайёр қилиш режасини эълон қилган.
Мадинабону Насриева, Анвархўжа Аҳмедов, ЎзА