Спортимиздаги муаззам ғалабага бағишланган китоб

128

Спорт қатъият, ишонч, дўстлик, келажак сари дадил интилиш демакдир. Кейинги йилларда мамлакатимизда спортни янада ривожлантириш масаласига катта эътибор қаратилмоқда. Ўз навбатида, ўзбекистонлик спортчилар томонидан халқаро мусобақаларда эришилган ғалабалар юртдошларимизнинг қувончига қувонч қўшмоқда, қалбини чексиз ифтихорга тўлдирмоқда.

2025 йилнинг июнь ойида футбол бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси Осиёнинг энг кучли жамоалари иштирок этган саралаш  ўйинларида чинакам жасорат ва матонат намунасини кўрсатиб, том маънода улкан ғалабага эришгани – Ватанимиз тарихида биринчи марта Жаҳон чемпионати йўлланмасини қўлга киритгани наинки мамлакатимиз аҳолисини, шу билан бирга хорижда истиқомат қилаётган ватандошларимизни ғоят мамнун этди. Қалбларни чексиз ғурурга тўлдирди.

Давлатимиз раҳбарининг шу муносабат билан Футбол бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси аъзоларига йўллаган табриги спортчилар,  юртимизнинг кенг жамоатчилиги, бутун халқимизни беҳад қувонтирди.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ҳомийлигида яқиндагина “Адабиёт” нашриётида чоп этилган “Бу ғалаба – муаззам!” номли китоб спортчиларимизнинг ана шу шукуҳли ғалабасига бағишлангани билан эътиборга молик. Китобда спортчиларимизнинг тарихий ғалабаси аҳамияти кенг ва батафсил акс эттирилган.

Китоб Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Футбол бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси аъзоларига табриги билан бошланади.

Табрикда эътироф этилганидек, ҳеч шубҳасиз, миллий спортимиз солномасига олтин ҳарфлар билан битиладиган бундай ёрқин натижа юртимиздаги миллионлаб футбол мухлислари, бутун халқимизнинг неча йиллик орзуси эди. Футболчиларимизнинг профессионал билим ва малакаси, тажриба ва маҳорати, энг  муҳими, юксак иродаси ва ғалабага бўлган ишончи билан ана шундай орзуни реал ҳақиқатга айлантирганлари ҳар қандай таҳсин ва тасанноларга муносиб.

Футболчиларимизнинг ана шундай масъулиятли турнирдаги муносиб иштироки кейинги йилларда мамлакатимизда спортга, жумладан, унинг энг оммавий тури бўлган футболга қаратилаётган улкан эътиборнинг яна бир  натижаси.

Китобда шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 5 июнда қабул қилган “Футбол бўйича Ўзбекистон Миллий терма жамоаси аъзолари ва мураббийларидан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида”ги фармонига кенг ўрин берилган.

Мазкур китобдан ўрин олган “Халқимизни янада бирлаштирган тарихий ютуқ” номли мақолада эса шу йилнинг 10 июнь куни пойтахтимиздаги “Бунёдкор” стадионида ўтказилган Жаҳон чемпионати саралаш босқичининг сўнгги учрашуви кенг ва батафсил ёритилган. Ўзбек футболининг катта байрами сифатида ўтказилган ушбу беллашувни миллионлаб ўзбекистонликлар ҳаяжон билан томоша қилдилар. Футбол бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси ўйинини томоша қилиш учун Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташриф буюргани мамлакатимизда спортнинг мазкур тури ривожига қаратилаётган улкан эътиборнинг яна бир амалий намунасидир.

Китобнинг “Бу сенинг ҳам ғалабангдир, эй Марказий Осиё!” деб номланган бўлимида устоз ижодкорлар, Ўзбекистон халқ шоирлари  Сирожиддин Саййид, Маҳмуд Тоир, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Ўткир Раҳмат, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Зулфия Мўминова, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Минҳожиддин Мирзо, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Рустам Мусурмон, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Қўчқор Норқобил ва бошқа кўплаб шоирларнинг улкан ғалабага бағишланган шеърлари билан танишиш мумкин.

“Ғалаба устига ғалаба, ютуқ ортидан ютуқ!” номли бўлимда эса Самарқанд давлат университети ректори, Ўзбекистон Республикаси фан арбоби, сенатор Рустам Холмуродов, Ёзувчилар уюшмаси раисининг ўринбосари Фарида Афрўз, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Аҳрор Аҳмедов, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Салим Дониёров, моҳир журналист Анвар Самадов ва бошқа қаламкашлар билан бирга, Ўзбекистон футбол ассоциацияси президентининг биринчи ўринбосари Равшан Эрматов,  Ўзбекистонда хизмат кўрсатган спортчи Миржалол Қосимов, футбол шарҳловчиси, “Дўстлик” ордени соҳиби Мирзаҳаким Тўхтамирзаев, футбол бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийси, “Ўзбекистон ифтихори” фахрий унвони соҳиби Тимур Кападзе, футбол шарҳловчиси, “Шуҳрат” медали соҳиби Хайрулла Ҳамидов ва бошқа спорт жонкуярларининг ғалаба муносабати билан дил изҳорлари келтирилган.

Китобнинг “Халқаро эътирофлар” бўлими ФИФА Президенти Жанни Инфантино, Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаевнинг Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевга йўллаган табриклари келтирилган. Шу билан бирга, Ўзбекистоннинг хорижий давлатлардаги консуллари, атоқли мураббийларнинг футболдаги ушбу ғалабамиз муносабати билан табриклари, халқаро нашрларда эълон қилинган таҳлилий мақола ва репортажлардан намуналар келтирилган.

Мазкур китобнинг “Ўзбекистон ифтихорлари” бўлимида мамлакатимизнинг номдор спорт мураббийлари, спортчилари, соҳа фидойилари ҳақидаги батафсил маълумотлар китобхонлар эътиборига ҳавола этилган.

Чиндан ҳам “Бу ғалаба – муаззам!” китоби ўзбек спортининг ажойиб тарихий ютуғи ҳақида батафсил сўзлаши билан диққатга сазовор.

Назокат Усмонова, Аслиддин Алижонов (сурат), ЎзА мухбирлари