Шахмат: АҚШ жамоасини мағлуб этган ёшларимиз латвиялик тенгдошлари билан куч синашади

АҚШнинг Александрия шаҳрида шахмат бўйича мактаб ўқувчилари жамоалари ўртасида ўтаётган жаҳон чемпионати баҳсларининг ортда қолган 4-туридан кейин мамлакатимиз шарафини ҳимоя қилаётган “Wisdom” 6 очко билан қўшимча кўрсаткичларга кўра 12-ўринда бормоқда.
Кеча ўтказилган 3-тур ўйинларида Шерали Равшанов, Орият Обиджонов, Мадинабону Халилова ва Сарвиноз Бекмуратовадан иборат Ўзбекистон жамоаси Грузиянинг “Kutaisi School 41” жамоаси билан куч синашди.

Қизиқарли ўтган баҳсларда ҳамюртларимиздан Шерали Равшанов рақибига имкониятни бой бериб қўйган вазиятда Орият Обиджонов, Мадинабону Халилова ва Сарвиноз Бекмуратова устунликка эришди ва “Wisdom”нинг 3:1 ҳисобида ғалабага эришишини таъминлади.

Бугун, 5 август куни эрта тонгда ўтган 5-тур ўйинида ўзбекистонлик шахматчилар жамоаси АҚШнинг “BASIS Cedar Park” шахматчилари билан куч синашди.
Ҳамюртларимиздан Шерали Равшанов ва Орият Обиджонов рақибларини мағлубиятга учратган бўлса, Мадинабону Халилова ва Сарвиноз Бекмуратова дурангга эришиши “Wisdom”нинг қимматли 2 очкога эга бўлишига олиб келди.

Бугун кун давомида жамоалар 5-тур ўйинларини ўтказади. Унда мамлакатимиз вакиллари Латвиянинг “Riga State Gymnasium No 1” жамоаси билан рўбарў келмоқда.
Ортда қолган 4 та тур учрашувларидан кейин 4 та жамоа 8 очко билан пешқадамлик қилмоқда. 1 та жамоада 7 очко мавжуд. 9 та жамоа 6 очко жамғаришга муваффақ бўлган. Улар орасида Ўзбекистоннинг “Wisdom” жамоаси ҳам борлиги эътиборли.
Жаҳон чемпионатида иштирок этаётган 55 та жамоанинг 5 таси ҳали бирор марта ҳам рақибларидан очко тортиб ола билмади.
Мусобақалар 6 августга қадар давом этади.
Т.Рўзиев,
ЎзА