Китоб мутолаасида танлов маданияти

Бугунги кунда китоб мутолаасига қизиқиш яна оммалашмоқда. Аммо бу кўтарилиш ҳамиша сифат билан боғлиқ деб айтолмаймиз. Ўзбекистон китоб бозорида тобора енгил-елпи мазмундаги, эмоционал руҳда ёзилган, ҳаётга юзаки қарайдиган китоблар кўпаймоқда. Ўқувчилар, айниқса ёшлар орасида ушбу тушунчанинг шакллангани қувонарли ҳол. Лекин китоб сифати ҳақида жиддий ўйлаб кўрадиган пайт ҳам етгандек.
Кўплаб китоб дўконларида бугун сотувнинг юқори чўққисида бўлаётган асарлар – психологик мотивацион қўлланмалар, муҳаббатга оид ҳикоялар ёки саргузаштли ҳаётий тафаккурлар жамланган асарлар. Улар бир қарашда фойдали, руҳлантирувчи, қулай ўқиладиган бўлиб туюлади. Аммо бундай китобларнинг кўпчилиги бадиий савиядан йироқ, чуқур ҳаётий таҳлилга эмас, фақат ҳис-туйғулар тебранишига асосланган бўлади.

Бу эса ёш авлодни фақат осон ва тез ҳазм бўладиган ахборотга ўргатади. Китобхон шунчаки ўқиш завқини эмас, фикрлаш, қиёслаш, баҳолаш, танқидий мушоҳада қилиш қобилиятини ривожлантириши керак. Афсуски, бу енгил-елпи асарлар китобхоннинг адабий дидини шакллантирмайди. Балки, унга адабиётнинг ҳақиқий вазифаси нимадалигини нотўғри талқин қилиш хавфини туғдиради.
Бу вазиятда муаммо фақатгина китобхонга боғлиқ эмас, албатта. Китоб чиқарувчи нашриётлар ҳам ўз вазифасини сидқидилдан бажарса мақсадга мувофиқ бўлар эди. Чунки айрим хусусий нашриётлар талабгир дея “мағзи пуч” асарларни ҳам иккиланмай ишлаб чиқараверади. Китоб дўконлари пештахталари шу каби китоблар билан тўлиб кетгандан кейин адабиёт оламига энди кириб келаётган ўқувчида савияли китобни танлашга бўлган иштиёқ камайиб бораверади. Ана шундан кейин улар учун “Навоий асарлари тушунишга қийин”, “Ремарк фақат урушни ҳикоя қилади”, “Достоевский биргина аёл тимсолини таърифлаш учун 20 бетлаб қоғоз қоралайди” деган тушунчалар шаклланиб боравеади.
Ҳозирда китобхонликда танлов маданиятини шакллантириш учун кўзга кўринган зиёлиларимиз тарғибот-ташвиқот ишларини амалга оширмоқда. Кўплаб таниқли блогерлар, ёзувчилар ва журналистлар ўз саҳифаларида китобхонликни оммалаштиришга ҳаракат қилмоқда. Ижтимоий тармоқларда ўқувчиларга тавсия қилинаётган китоблар ҳақида видео-тақризлар, китоблар ҳақидаги қисқа ва жонли мулоҳазалар бериб борилмоқда.
Масалан, машҳур букблогерлар ҳар ой ўқиган асарлари рўйхатини баҳам кўради, ўқувчиларга турли жанрлардан мутолаа қилишни тавсия этади. Бу ташаббуслар, албатта, мақтовга лойиқ. Аммо бу тарғибот ишлари доим ҳам чуқур таҳлил билан эмас, балки оммавий талабга мослашиш орқали олиб борилаётгани ҳам ҳақиқат.
Шунинг учун тарғибот билан бирга, адабий мезонлар, бадиий таълим, китобхонлик маданиятининг эстетик жиҳатлари ҳақида ҳам чуқур фикрлар берилиши керак. Китобхон шунчаки ўқишга эмас, мутолаада маъно, образ, ғоя, муаммо излашга одатланиши зарур.
Ўзбекистон бўйлаб ҳар йили ўтказиладиган “Ёш китобхон” Республика танлови айнан ана шундай дидни тарбиялашга хизмат қилмоқда. Бу танловда ўзбек ва жаҳон адабиётининг энг сара намуналаридан танлаб берилиши, иштирокчиларнинг асарлар мазмунини чуқур англаш даражаси, образлар орқали муаммоларни таҳлил қила олиши юқори баҳоланади.
Танлов доирасида болалар ва ўсмирлар нафақат китоб ўқийди, балки улардан қандай хулоса қилгани, китобда кўтарилган муаммони ҳаётга қандай боғлагани ҳақида фикр юритади. Бу эса чинакам китобхонлик мактабидир.
Ҳақиқий китобхонлик – бу нафақат ўқиш, балки танлаш, фарқлаш, англаш ва фикр юрита олиш маданиятидир. Бундай маданиятни шакллантиришда қуйидаги омиллар муҳим аҳамиятга эга. Мактабларда адабий таҳлилга асосланган ўқитиш – ўқувчилар асарнинг структураси, услуби, ғояси, муаммоси ва бадиий ёндашувларини таҳлил қила олиши керак. Блогерлар ва ёзувчиларнинг масъулиятли тавсиялари – фақат машҳурлик эмас, балки бадиий сифат мезонларига эътибор қаратиш лозим. Китоб дўконларида танлаб тавсия бериш тизими – асарларнинг тавсифида ёшга мослиги, мавзуси, ғоявий йўналиши ҳақида аниқ кўрсатмалар бўлиши керак.
Китобхонлик бугунги замон одамининг асосий эҳтиёжларидан бири бўлиб қолмоқда. Аммо бу эҳтиёж фақат ҳажман кўпайган китоблар билан эмас, сифат жиҳатидан ўзгарган, онгни тарбиялайдиган, фикрлашни шакллантирадиган асарлар билан тўлдирилиши зарур. Китоб танлаш, уни англаш ва ундан хулоса чиқариш маданияти бугунги жамиятнинг ахборот хуружлари ичида йўқолиб кетмаслиги учун барчамиз масъулмиз.
Дилдора ДЎСМАТОВА
ЎзА