«Раҳбар ва ёшлар учрашуви»да яна 17 нафар ёшга ёрдам кўрсатилди

Ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, шунингдек, ижтимоий-маънавий муҳитни янада мустаҳкамлаш мақсадида Хўжайли тумани ҳокимлигида навбатдаги «Раҳбар ва ёшлар учрашуви» ташкил этилди.
Тадбир доирасида Ўзбекистон Республикаси Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги директори И.Эргашев оталиққа олинган ёшлар билан очиқ мулоқот ўтказди. Учрашувда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раисининг ўринбосари Ш.Тешаев, Хўжайли тумани ҳокими Ж.Ермашев ва бошқа мутасадди ташкилотлар иштирок этди.
Шу пайтгача ўтказилган ўрганишларга асосан тадбирда 17 нафар ёшга амалий ёрдам кўрсатилди. Хусусан, уларнинг 5 нафарига мотокултиватор, яна 5 нафарига ноутбук, 3 нафарига тикувчилик ускуналари, яна 3 нафарига пайвандлаш ва устахона жиҳозлари, 1 нафарига сув насоси топширилди.
Тадбир давомида сўзга чиққан раҳбарлар ёшларни замонавий билим ва касб-ҳунар эгаллаш, хорижий тилларни ўрганиш, интилувчан ва фидойи бўлишга чақирди. Ўз навбатида, ёшлар ҳам билдирилаётган ишонч ва кўрсатилаётган эътиборга муносиб жавоб қайтариб, мамлакатимиз равнақи йўлида меҳнат қилишга тайёрлигини таъкидлади.
Маълумот учун, ушбу ташаббус Президент Ш.Мирзиёевнинг 2025 йил 14 февраль куни ёшлар билан ўтказилган видеоселектор йиғилишида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш, шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг тегишли топшириқларига мувофиқ амалга оширилмоқда.
Республика комиссияси томонидан қабул қилинган қарорга асосан, Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги директори И.Эргашевга Хўжайли туманидаги «Амударё,» «Қумжиққин,» «Кун нури» ва «Саманкўл» маҳаллаларидан оғир тоифадаги 67 нафар ёш бириктирилган.

Айни пайтда ушбу ёшлар ўртасида манзилли, тизимли ва натижадорликка йўналтирилган ишлар самарали давом этмоқда.
А.Жийемуратов,
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги