Судьялар корпусига янги аъзолар қўшилди

197

 

Қорақалпоғистон Республикаси судида навбатдаги Президиум мажлиси доирасида муҳим ва тантанали тадбир – илк бор судьялик лавозимига тайинланган янги судьяларнинг қасамёд қабул қилиш маросими бўлиб ўтди.

Ушбу тадбир нафақат суд-ҳуқуқ тизимидаги муҳим воқеа, балки мамлакатимизда суд мустақиллигини таъминлаш, адолатни қарор топтириш ва фуқаролар ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилиш йўлидаги яна бир амалий қадамдир.

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Президиумининг 2025 йил 28 июль кунги қарорига асосан, биринчи беш йиллик муддатга судьялик лавозимига тайинланган Қорақалпоғистон Республикаси Жиноят ишлари бўйича Тўрткўл туман судининг тергов судьяси Б.Сабуров, Жиноят ишлари бўйича Нукус шаҳар судининг судьяси А.Шинибеков, Фуқаролик ишлари бўйича Нукус туманлараро судининг судьяси Б.Опаева, Фуқаролик ишлари бўйича Беруний туманлараро судининг судьяси А.Алдамуратовалар иштирок этди.

Қасамёд қабул қилиш маросимида Қорақалпоғистон Республикаси судининг раиси К.Тарихов сўзга чиқиб, янги судьяларни табриклади ва уларга катта ишонч билдириб, масъулиятли, шу билан бирга шарафли судьялик фаолиятида муваффақиятлар тилади. У ўз нутқида судьялик касби нафақат ҳуқуқий билимлар, балки юксак инсоний фазилатлар, адолат, холислик ва қонунга садоқатни талаб этишини таъкидлади.

Суд идораларида узоқ йиллардан буён давом этиб келаётган «Устоз-шогирд» анъанаси доирасида янги тайинланган судьяларга тажрибали ва обрўли судьялар устоз сифатида бириктирилди. Бу, ўз навбатида, уларнинг янги лавозимга тезроқ мослашиши ва касбий ўсишида муҳим омил бўлади.

Тадбирда иштирок этган устоз судьялар, ота-оналар сўзга чиқиб, янги аъзоларга ўзларининг эзгу тилакларини билдирди. Судьялар зиммасига катта масъулият юклангани, улар чиқарадиган ҳар бир қарор ортида инсон тақдири тургани алоҳида таъкидланди.



Янги судьялар ҳам ўз сўзларида билдирилаётган ишончни оқлашга ва фақат қонун асосида адолатли қарорлар қабул қилишга ваъда бериб, улар билим ва тажрибаларини халқ манфаати йўлида аямай сарфлашини маълум қилди.

Маросим якунида ҳар бир янги судьяга Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва «Судьялар одоби» китоби тантанали равишда топширилди. Ушбу рамзий совғалар судьялик вазифасида қонун устуворлиги ва касбий этикага амал қилишнинг асосий мезони эканини яна бир бор эслатди.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги