Курашчиларимиз Осиё чемпионатида 6 та медалга сазовор бўлди

Жанубий Кореянинг Квесан шаҳридаги Маданият ва спорт марказида кураш бўйича давом этаётган Осиё чемпионатининг катталар ўртасида ўтган иккинчи кунги мусобақаларида Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари 4 та олтин ва 2 та бронза медалини қўлга киритди.
Муросасиз беллашувлар натижасида терма жамоамиз аъзолари Санжар Саидқулов -60 килограммда, Муҳаммад Жумаев -73 килограммда, Умид Эсанов -81 килограммда, Шоҳиста Назарова -70 килода қитъа чемпиони номига мушарраф бўлди.

Шунингдек, тожикистонлик Сарвар Абдушукуров -66 килода, туркманистонлик Сабина Қодирова -78 килода, вьетнамлик Чанг Тҳи Тҳанҳ Тҳуй -87 килода, Корея Республикаси вакиласи Ким Мин Ён +87 килода ғолиблик шоҳсупасига кўтарилди.
Медаллар жамғаришда Ўзбекистон жамоаси 6 та медаль билан умумжамоада пешқадамлик қилаётган бўлса, Тожикистон, Туркманистон, Вьетнам ва Жанубий Корея кейинги поғоналарни банд этиб турибди.

Бугун, 4 август куни чемпионатнинг сўнгги кунида йигитлар -90, -100, -120, +120 килограмм вазн тоифаларида беллашса, хотин-қизлар -48, -52, 57 ва -63 килограмм оғирликда гиламга чиқади.
Эслатиб ўтамиз, катталар, ёшлар ва ўсмирлар ўртасида ўтказилаётган қитъа чемпионатида 25 га яқин давлатларнинг курашчилари иштирок этмоқда.
Т.Рўзиев, ЎзА