Экологик ташаббусларни кенгайтириш чоралари йўлга қўйилмоқда
«Давлатлараро мувофиқлаштирувчи сув хўжалиги комиссияси» (МКВК) нинг илмий-ахборот маркази директори, Оролни қутқариш халқаро жамғармаси лойиҳалари бўйича минтақавий ҳамкор Д.Зиганшина раҳбарлигидаги делегация Мўйноқ туманида расмий ташриф билан бўлди, – деб хабар бермоқда Оролни қутқариш халқаро жамғармаси Ижроия қўмитаси Нукус филиали матбуот хизмати.
Маълумот ўрнида таъкидлаш жоизки, 1992 йил 18 февралда «Давлатлараро мувофиқлаштирувчи сув хўжалиги комиссияси» (МКВК) Марказий Осиёдаги беш давлат (Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон, Ўзбекистон) томонидан умумий сув ресурсларидан фойдаланиш, лимитларни тасдиқлаш ва суғориш масалалари бўйича қарорларни қабул қилиш мақсадида тузилган ҳудудий ташкилот ҳисобланади.
1997 йилда Оролни қутқариш халқаро жамғармаси ушбу ташкилот таркибига кирди.
Ташриф давомида Д.Зиганшина, Оролни қутқариш халқаро жамғармаси Ижроия қўмитаси Нукус филиали лойиҳалари, қатор муҳим объектлар, Оролбўйи ҳудудида сув ресурсларини барқарор бошқариш, «Оролбўйи экотизимини тиклаш,» «Сув ресурсларидан барқарор фойдаланиш» йўналишида амалга оширилаётган лойиҳалар билан яқиндан танишди.
Учрашув доирасида – сув ресурсларини самарали бошқариш, трансчегаравий ҳамкорлик, Оролбўйи аҳолисининг турмуш даражасини яхшилаш, тоза ичимлик сув тармоқлари, дренаж тизими ва сув тежовчи технологиялар бўйича амалга оширилаётган ишлар юзасидан ўзаро фикр алмашилди.

– Оролбўйи ҳудудида амалга оширилаётган ҳар бир лойиҳа – нафақат сув ресурсларини тиклаш, балки инсон саломатлиги, маданий алоқаларни мустаҳкамлаш ва экологик вазиятни яхшилашга хизмат қилмоқда. Мўйноқ бугун сувни тежашга алоҳида эътибор қаратилаётган ҳудудлардан саналади, – дейди Д.Зиганшина.
«Давлатлараро мувофиқлаштирувчи сув хўжалиги комиссияси» (МКВК) раҳбарининг республикамизга расмий ташрифи, ҳудуддаги сув ва экологик муаммоларни ҳал этишда, халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган муҳим қадам ҳисобланади.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги