Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг тўққизинчи ялпи мажлиси тўғрисида А Х Б О Р О Т

118

 2025 йилнинг 1 август куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг тўққизинчи ялпи мажлиси ўз ишини бошлади.

Унда Сенат, ҳукумат аъзолари, вазирлик ва идораларнинг вакиллари, маҳаллий Кенгашларнинг депутатлари, Сенат ҳузуридаги Ёшлар парламенти аъзолари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари қатнашди.

Видеоконференцалоқа тарзида ўтказилган ялпи мажлисни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Норбоева олиб борди.

Ялпи мажлис Сенатнинг YouTube тармоғидаги саҳифаси орқали тўғридан-тўғри ёритиб борилди.

Сенат ялпи мажлисининг биринчи иш кунида сенаторлар дастлаб “Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонунни муҳокама қилди.

Сўнги йилларда мамлакатимизда лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомилларини янада такомиллаштириш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

 Мажлисда давлат хизматларини кўрсатишда бюрократизмни ва маъмурий тўсиқларнинг бартараф этилаётгани, шу жумладан, аҳолининг масофадан туриб электрон давлат хизматларидан мустақил равишда фойдаланиш имкониятлари кенгайтирилаётгани таъкидлаб ўтилди.

Шу билан бирга, сенаторлар лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари талаблари бузилганидан кейин ҳуқуқбузар томонидан жарима ихтиёрий равишда тўланганда жарима миқдорига нисбатан имтиёз қўллаш амалиётини жорий этиш зарурати юзага келаётганига алоҳида урғу берди.

Худди шундай жарима солиш тўғрисидаги қарорларни махсус электрон тизим воситасида расмийлаштириш, лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомилларини Ўзбекистон Республикаси норезиденти бўлган чет эл юридик шахслари томонидан амалга ошириш борасида айрим очиқ қолган масалаларни ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солиш зарурияти юзага келмоқда.

Ушбу қонун билан “Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида”ги, “Давлат божи тўғрисида”ги, “Ёнғин хавфсизлиги тўғрисида”ги, “Экспорт назорати тўғрисида”ги ва “Туризм тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунларига, шунингдек, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги ҳамда Божхона кодексларига лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомилларини такомиллаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш назарда тутилмоқда.

Мазкур ўзгартириш ва қўшимчалар лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомилларини соддалаштиришга, ҳуқуқбузар томонидан жарима ихтиёрий равишда тўланган тақдирда унга нисбатан имтиёзлар қўлланилишини, лицензиялаш тартиб-таомиллари давлат хизматлари марказлари орқали ҳам амалга оширилишини таъминлашга хизмат қилади.

Ялпи мажлис давомида қонун қизғин муҳокама қилиниб, унинг келгусида тадбиркорлик соҳасидаги мажбурий талабларни қисқартириш орқали тадбиркорлик фаолиятини амалга оширишда қулай шарт-шароитларни таъминлашда кенг имкониятлар яратишга хизмат қилиши юзасидан фикрлар билдирилди.

Мазкур қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Шунингдек, ялпи мажлисда “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига мувофиқликни баҳолаш органларининг масъулиятини янада оширишга ҳамда маҳсулотларни ўз ихтиёри билан чақириб олган тадбиркорларга енгиллик беришга қаратилган қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги қонун кўриб чиқилди.

Сенаторлар томонидан кейинги йилларда мамлакатимизда мувофиқликни баҳолаш жараёнларига замонавий усулларни жорий этиш орқали истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳамда уларнинг ҳаёти ва соғлиғини муҳофаза қилишга қаратилган қатор ишлар амалга оширилаётганлиги таъкидланди.

Сенат аъзолари мувофиқликни баҳолаш қоидаларини бузганлик учун таъсир чораларини кучайтириш, техник регламентлар талабларига жавоб бермайдиган маҳсулотни чақириб олган тадбиркорларга енгиллик бериш механизмларини шакллантириш мақсадида қонунчилик ҳужжатларини янада такомиллаштириш зарурати юзага келаётганлигига алоҳида тўхталиб ўтдилар.

Қонун билан Фуқаролик кодексига, “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги, “Стандартлаштириш тўғрисида”ги ва “Техник жиҳатдан тартибга солиш тўғрисида”ги қонунларга мувофиқликни баҳолаш органларининг масъулиятини оширишга ҳамда техник регламентлар ва қўлланилиши мажбурий бўлган стандартларга жавоб бермайдиган маҳсулотни чақириб олган тадбиркорликни рағбатлантиришга қаратилган қўшимча ва ўзгартиришлар киритилмоқда.

Сенаторлар ўз чиқишларида ушбу қонун келгусида мувофиқликни баҳолаш органларининг масъулиятини оширишга ва истеъмолчилар ҳуқуқларини янада ишончли ҳимоя қилишга хизмат қилишини таъкидлаб ўтди.

Шунингдек, ялпи мажлис давомида қонун қизғин муҳокама қилиниб, ҳуқуқий ҳужжат тегишли талабларга жавоб бермайдиган маҳсулотни чақириб олган юридик шахсларни молиявий санкциялардан озод қилиш орқали сифатсиз ва хавфли маҳсулотлар реализацияси ҳамда истеъмолини чеклашни ҳам таъминлаши қайд этилди.

Муҳокама якунида мазкур қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Шундан сўнг “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига низоларни муқобил ҳал этишда медиация институтини такомиллаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун муҳокама қилинди.

Сўнгги йилларда республикамизда ҳуқуқни ҳимоя қилиш, жисмоний ҳамда юридик шахсларнинг вақт ва маблағини тежаш, турли қоғозбозликларнинг олдини олиш, низоларни тарафларнинг ярашувига асосан тинч йўл билан ҳал этишга қаратилган ҳуқуқ институтлари, хусусан, медиация институти, шунингдек, ҳакамлик судлари томонидан низоларни судгача ҳал қилиш амалиёти йўлга қўйилганлиги сенаторлар томонидан таъкидланди.

2019 йилда қабул қилинган “Медиация тўғрисида”ги қонун ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 17 июндаги “Низоларни муқобил ҳал этишнинг механизмларини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бу борада янги босқични бошлаб берганлиги қайд этилди.

Бироқ судларда иш ҳажми йилдан-йилга ортмоқда, судга қадар ва ёки суд муҳокамасининг босқичида медиатив келишувлар сони эса атиги 4,2 фоизни ташкил қилади, бу медиациянинг таъсир доирасини кучайтириш, соҳага ишончни янада ошириш зарурлигидан дарак беради.

Мазкур қонун ушбу масалаларнинг ҳуқуқий ечими сифатида ишлаб чиқилган бўлиб, “Медиация тўғрисида”ги, “Нотариат тўғрисида”ги, “Давлат божи тўғрисида”ги, “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида”ги қонунлар, шунингдек, Фуқаролик процессуал, Иқтисодий процессуал, Солиқ ҳамда Оила кодексларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.

Хусусан, “Нотариат тўғрисида”ги қонунда нотариусга “Медиация тўғрисида”ги қонунда белгиланган тартибда чекланмаган медиатор вазифасини бажариш ҳуқуқи берилиши назарда тутилмоқда.

Шунингдек, “Медиация тўғрисида”ги қонун янги боб билан тўлдирилиб, медиация соҳасидаги ваколатли давлат органи этиб Адлия вазирлиги белгиланмоқда. Унда Адлия вазирлиги ўз ваколатлари доирасида медиацияга оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қабул қилиши, медиаторларнинг касб этикаси қоидаларини, уларнинг касбий малакасини ошириш тартибини ҳамда медиаторларни тайёрлаш дастурларини тасдиқлаши, шунингдек, қонунчиликка мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкинлиги белгиланмоқда.

Шу билан бирга, амалдаги қонунчилик ҳужжатларида медиация қўлланиладиган соҳалар доираси кенгайтирилиб, медиаторларнинг нопрофессионал тури чиқариб ташланмоқда ва медиаторларга олий маълумотли бўлиш талаби қўйилмоқда. Медиаторларнинг ҳар уч йилда малакасини ошириш зарурати, медиаторларнинг малака комиссиялари ташкил этилиши, медиатив келишувни мажбурий ижро этишга оид қоидалар киритилмоқда.

Сенаторлар ушбу қонуннинг қабул қилиниши низоларни судгача ҳал қилиш механизмларининг амалиётда самарали ишлашини таъминлашга, медиация соҳасининг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш орқали судларда иш юкламасини камайтиришга, шунингдек, Ўзбекистонинг бизнес юритиш соҳасидаги халқаро рейтингдаги даражасини ва инвестицион имижини халқаро даражада юксалтиришга хизмат қилишини таъкидлади.

Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Бундан ташқари, сенаторлар томонидан “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун кўриб чиқилди.

Қайд этилганидек, кейинги йилларда давлатимиз манфаатларини ҳимоя қилиш ва хавфсизлигини таъминлаш соҳасидаги ижтимоий муносабатларни ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солишнинг барқарорлигини таъминлаш, сифати ва самарадорлигини ошириш, шунингдек, республикада аҳолини ва ҳудудларни табиий ҳамда техноген хусусиятли фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш соҳасида аниқ мақсадга қаратилган кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.

Шу билан бирга, мамлакатимизда махсус юклар ва ҳарбий таркибларнинг транзити билан боғлиқ рухсатномаларни бериш тартибини соддалаштириш, шунингдек, иқлим ўзгариши билан боғлиқ табиий офатлар хавфини камайтириш ҳамда фавқулодда вазиятлар натижасида етказилган зарарни баҳолаш механизмларини аниқ белгилаш зарурати юзага келмоқда.

Амалдаги “Махсус юклар ва ҳарбий таркибларнинг транзити тўғрисида”ги қонунда транзит рухсатномасини бериш ёки уни беришни рад этиш тўғрисидаги қарор ариза олинган кундан эътиборан 30 кундан ошмайдиган муддатда қабул қилиниши, зарур ҳолларда эса мазкур муддат узайтирилиши мумкинлиги белгиланган.

Шу муносабат билан муҳокама қилинган қонун билан “Махсус юклар ва ҳарбий таркибларнинг транзити тўғрисида”ги қонунга транзит рухсатномасининг амал қилиш муддати кўпи билан 90 кун этиб белгиланмоқда.

Шунингдек, амалдаги қонунчиликдаги бўшлиқларни бартараф этиш мақсадида транзит рухсатномасини бериш ёки уни беришни рад этиш тўғрисидаги қарор ариза олинган кундан эътиборан йигирма кундан ошмайдиган муддатда қабул қилиниши назарда тутилмоқда, мазкур муддатни узайтиришга асос бўлувчи ҳолатлар ҳамда узайтириш мумкин бўлган муддат чегараси аниқ белгилаб қўйилмоқда.

Бундан ташқари, қонун билан “Аҳолини ва ҳудудларни табиий ҳамда техноген хусусиятли фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш тўғрисида”ги қонунга ҳам тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.

Сенаторлар томонидан Қонуннинг қабул қилиниши махсус юклар ва ҳарбий таркибларнинг транзити ҳажмини оширишга, аҳолини ва ҳудудларни фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишнинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлашга хизмат қилиши таъкидланди.

Муҳокамадан сўнг қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Ялпи мажлисда “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги қонун муҳокама қилинди.

Қайд этилганидек, сўнгги йилларда мамлакатимизда меҳнат миграцияси кўлами ортиб, чет элдан қайтган фуқаролар сони кўпаймоқда. Шунингдек, Ўзбекистонга ҳам кўплаб чет эл фуқаролари тижорат, меҳнат қилиш мақсадларида кириб келмоқда. Ушбу тоифадаги шахсларнинг айримлари орасида ихтиёрий ўтказилган текширув натижалари уларда инсон учун хавфли бўлган юқумли касалликлар мавжудлигини кўрсатган.

Хусусан, 2024 йилда узоқ муддат чет элда бўлиб қайтган 1,7 миллион фуқаронинг фақат 434 минги ёки 25 фоизи ихтиёрий равишда ОИВ/ОИТСга текширилган. Уларнинг 1 512 нафарида бундай касаллик аниқланган.         Шунингдек, 2024 йилда 12,7 мингдан ортиқ чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар ихтиёрий равишда ОИВ/ОИТСга текширилган ҳамда уларнинг 81 нафари бундай касалликка чалингани аниқланган.

Инсон учун хавфли бўлган юқумли касалликлар ихтиёрий текширувдан ўтказилган мигрантлар орасида аниқланган, текширувдан ўтмаган мигрантларнинг қанчасида юқумли касалликлар борлиги номаълум. Шу жиҳатдан ушбу қонун долзарб аҳамият касб этади.

Қонун билан Ўзбекистон Республикасининг “Одамнинг иммунитет танқислиги вируси келтириб чиқарадиган касаллик (ОИВ инфекцияси) тарқалишига қарши курашиш тўғрисида”ги, “Хусусий бандлик агентликлари тўғрисида”ги ва “Аҳоли бандлиги тўғрисида”ги қонунларига бир қатор ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.

Жумладан, узлуксиз тўқсон кун ва ундан ортиқ муддат давомида чет элда бўлиб қайтган ўн саккиз ёшдан олтмиш ёшгача бўлган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида доимий яшайдиган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар ҳамда меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун Ўзбекистон Республикасига кириб келаётган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни мажбурий равишда ОИВга тиббий текширувдан ўтказиш белгиланмоқда.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ва Ўзбекистон Республикасида доимий яшайдиган фуқаролиги бўлмаган шахслар мажбурий тиббий текширувдан Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан, меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун Ўзбекистон Республикасига кириб келган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар ҳамда Ўзбекистон Республикасида доимий яшайдиган чет эл фуқаролари эса ўз маблағлари, иш берувчининг ёки қонунчиликда тақиқланмаган бошқа маблағлар ҳисобидан ўтказилиши назарда тутилмоқда.

Бундан ташқари, ОИВ/ОИТС ва сил касаллиги аниқланиши Ўзбекистон Республикаси ҳудудида меҳнат фаолияти ҳуқуқига доир тасдиқнома беришни рад этиш учун асос бўлиши белгиланмоқда.

Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикасидан ташқарида иш қидираётган шахсларни бораётган давлатининг тегишли қонунчилиги, ушбу давлатда бўлиш қоидалари бўйича ўқитишни ташкил этиш мажбурияти хусусий бандлик агентликларига бериладиган лицензия шартларидан бири этиб белгиланмоқда.

Сенаторлар томонидан ушбу қонун инсон учун хавфли бўлган юқумли касалликлар тарқалишининг олдини олишга, аҳоли саломатлигини муҳофаза қилишга, меҳнат миграцияси жараёнида ижтимоий хавфсизликни таъминлаш бўйича таъсирчан ҳуқуқий механизмларни шакллантиришга хизмат қилиши таъкидлаб ўтилди.

Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Шу билан бирга, ялпи мажлисда “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун кўриб чиқилди.

Таъкидланганидек, мазкур қонун меҳнат миграцияси соҳасидаги хизмат кўрсатиш жараёнларининг шаффофлигини таъминлайди, хусусий бандлик агентликлари фаолиятини тартибга солади, уларнинг масъулиятини кучайтиради ҳамда иш берувчилар ва ходимларга қўшимча қулайликлар яратади.

Қонун билан хусусий бандлик агентликларининг ҳуқуқлари ва мажбуриятларини кенгайтириш, иш вақтидан ташқари ишлашнинг давомийлигини белгилаш ҳамда иш вақтидан ташқари иш учун ҳақ тўлаш тизимини такомиллаштириш назарда тутилмоқда.

Қайд этилганидек, мазкур нормалар меҳнат миграцияси соҳасида қонунийликни таъминлашга, мигрантларнинг ҳуқуқларини кафолатлашга, ноқонуний фаолиятга чек қўйишга ҳамда соҳага хусусий секторни жалб этишга қулай имконият яратади.

Сенаторлар томонидан қайд этилганидек, қонун хориждаги Ўзбекистон фуқароларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилишга, миграция хизматларини рақамлаштириш ва соғлом рақобат муҳитини яратиш орқали хусусий сектор иштирокини рағбатлантиришга, фуқароларнинг меҳнат ҳуқуқлари кафолатларини таъминлашга, ташкилотларда иш унумдорлигини оширишга ва ходимларнинг даромадларини кўпайтиришга хизмат қилади.

Муҳокама якунида сенаторлар томонидан қонун маъқулланди.

Кейинги йилларда юртимизда болаларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга, уларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларини давлат томонидан кафолатлашга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Ялпи мажлисда сенаторлар томонидан муҳокама қилинган “Вояга етмаганларга нисбатан жиноий жавобгарлик янада либераллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги қонун ҳам ана шу ислоҳотларнинг мантиқий давомидир.

Статистик рақамларга кўра, мамлакатимизда 2023 йилда 1 911 нафар, 2024 йилда 2214 нафар вояга етмаган шахс жиноий жавобгарликка тортилган ва судланган. Ўтган йилда  ижтимоий хавфи катта бўлмаган жиноятлар 1 238 та, унча оғир бўлмаган жиноятлар сони эса 855 тани ташкил қилган.

Мазкур қонун “2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили”да амалга оширишга доир Давлат дастурида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида ишлаб чиқилган.

Қонун билан Жиноят кодексининг бир қатор  моддаларига қўшимча ва ўзгартиш киритилмоқда.

Жумладан, ўн саккиз ёшга тўлгунига қадар содир этган ўта оғир бўлмаган жинояти учун жазони ўтаб бўлган шахс судланмаган деб ҳисобланиши белгиланмоқда.

Шунингдек, қонунда вояга етмаганларга нисбатан озодликни чеклашнинг ҳамда озодликдан маҳрум қилишнинг энг кам муддати олти ойдан бир ойгача қисқартирилиши назарда тутилмоқда.

Сенаторларнинг фикрича, ушбу қонун вояга етмаганларга нисбатан жиноий жавобгарликни янада либераллаштиришга хизмат қилади ва ўн саккиз ёшга тўлгунига қадар содир этган жинояти учун жазони ўтаб бўлган шахсга ҳаётини судланганлик тамғасидан холи тарзда давом эттириши учун шароит яратади.

Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Шунинг билан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг тўққизинчи ялпи мажлисининг биринчи иш куни якунланди.

 

Ўзбекистон Республикаси

Олий Мажлиси Сенатининг

Ахборот хизмати