“Самарқанд оши” фестивали гастрономик туризм ривожида муҳим қадам
Самарқанд шаҳрида ўтказилган “Самарқанд оши” халқаро гастрономик фестивали доирасида бугун 7 тоннали ош тайёрланди.
“Silk Road Samarkand” халқаро туризм марказидаги “Боқий шаҳар” мажмуасида махсус қозонда 50 нафар маҳаллий ва 5 нафар хорижлик ошпаз томонидан пиширилган 7 тоннали палов фестивалнинг кўркига айланди.
– Уч кун давомида гуруч билан дунё халқларини боғлайдиган таомлар тайёрланиб, туризм ривожига ҳисса қўшиш учун ҳаракат қилдик,- дейди Ўзбекистон ошпазлари уюшмаси раиси Акбар Умаров.- Юртимизнинг барча ҳудудларидан энг моҳир ошпазлар иштирок этиб, гастрономик туризмни ривожлантириш бўйича зарур кўникмаларга эга бўлди. Ўйлайманки, бу тадбирнинг натижаси, албатта, ҳудудларда гастрономик туризм ривожида ўз аксини топади. Бугунги Самарқанд ошининг тайёрланишидан мақсад унинг ҳажмида эмас, балки соҳа ходимлари ўртасида ҳамкорликни, ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш орқали барча ҳудудларда миллий таомлар брендини яратишдир. Шунингдек, бу ошимизни чин етимлар, кам таъминланган оилаларга тарқатиш кўзда тутилган.
Палов — ош ўзбек миллий таомлари ичида ўзига хослиги билан ажралиб туради. Шу боис, юртимизга келган сайёҳлар, албатта, ундан татиб кўришга интилади. Самарқандлик машҳур ошпаз Абдуманнон Нусратовнинг таъкидлашича, фестиваль анъанавийлик касб этиб, Ўзбекистон туризмини ривожлантиришнинг муҳим йўналишларидан бирига айланади.
Фестиваль якунида ўтказилган танловларда фаол иштирок этиб, ўз маҳоратларини намойиш этган ошпазлар ташкилотчилар томонидан тақдирланди.
Фестиваль доирасида ошпазлар томонидан маҳорат дарслари, хорижий мамлакатларнинг миллий таомларини тайёрлаш жараёнлари, ҳунармандчилик ва шарқ ширинликлари кўргазмалари ташкил этилди. Маданий дастурлар ва концерт томошалари уюштирилди.
Тадбирда Самарқанд вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи А. Бобоев иштирок этди.
Ғ. Ҳасанов, А. Исроилов (сурат), ЎзА мухбирлари