БМТ Бош котиби Қозоғистонга келди

Бугун Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби Антониу Гутерриш Олмаота шаҳрига ташриф буюрди. Бу ҳақда ахборот ҳамкоримиз – “KazInform” хабар берди.
Қардош мамлакат етакчиси Қосим-Жомарт Тоқаев олий мартабали меҳмонга миннатдорлик билдириб, Қозоғистоннинг БМТ фаолияти асоси – кўп томонлама дипломатия ва ҳамкорлик тамойилига содиқлигини таъкидлади.

Жаҳон ташкилоти раҳбари қўшни мамлакатнинг халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш, Барқарор ривожланиш мақсадини илгари суришга қўшаётган ҳиссасини қайд этди.

Учрашувда БМТнинг Марказий Осиё ва Афғонистон учун Барқарор ривожланиш мақсади бўйича Минтақавий маркази фаолияти истиқболи, Ташкилотни ислоҳ қилиш масаласи, халқаро ва минтақавий кун тартиби, шунингдек бошқа долзарб масалалар муҳокама қилинди.
Ўткир Алимов, ЎзА