АҚШ ўнлаб давлатлар учун божни яна оширди

83

АҚШ Президенти дунё бўйлаб савдо бозорини ларзага солаётган бож сиёсатини давом эттирмоқда. Янги фармонга кўра, 1 августдан бошлаб Канададан импорт қилинадиган товарларга 35фоиз тариф қўлланади.

Оқ уй бу қарорни Оттава “фентанил ва ноқонуний дори оқимини тўхтатишда етарли ҳамкорлик қилмагани” билан изоҳлади. Бинобарин, USMCа (АҚШ – Мексика – Канада) келишуви бўйича рўйхатга киритилган айрим маҳсулотлар бундан мустасно.

Шунингдек, Дональд Трамп 7 августдан кучга кирадиган ўнлаб давлатларга янги бож ставкасини ҳам тасдиқлади: Япония, Жанубий Корея, Норвегия, Испания, Исроил 15 фоиз, Ҳиндистон, Таиланд, Вьетнам, Бангладеш, Тунис 20-25 фоиз, Жанубий Африка, Ироқ, Сербияга 30-35 фоиз, Лаос, Мьянма, Сурия 40-41 фоиз солиқ тўлайдиган бўлди.

Масалан, Корея Республикаси энг кўп экспорт қиладиган соҳа – автомобиллар учун 15 фоиз чегарани сақлаб қолишга муваффақ бўлди. Тойота ва БМВ билан рақобат тенглашса-да, барибир АҚШ бозорида машина нархи ошиши кутиляпти.

Мексика учун пўлат, алюминий ва мисга 50, автомобилга 25 фоиз бож жорий этилиши 90 кун кечиктирилди. Америка раҳбари айтишича, бу вақт музокара якунига қадар берилган “охирги имконият”.

Янги Зеландияда тариф 10 дан 15 фоизга кўтарилади. Маҳаллий ҳукумат мазкур қарорни “АҚШ билан кичик савдо тақчиллигига нисбатан асоссиз жазо” деб атади.

Савдо сиёсатининг глобал оқибати

Янги бож сиёсати дунё бўйлаб компанияларни АҚШ бозоридаги харажатини қайта ҳисоблашга мажбур қилмоқда. Экспертлар айни жараёнда юкламанинг бир қисми охир-оқибат истеъмолчи зиммасига тушишини таъкидламоқда.

Қўшма Штатларнинг саъй-ҳаракати савдо мувозанатини “АҚШ фойдасига қайта тиклаш”га қаратилган бўлса-да, айрим таҳлилчилар бу чоралар узоқ муддатли савдо муносабатига путур етказиши мумкинлигидан огоҳлантирмоқда. Шу билан бирга бир неча давлат божни камайтириш бўйича Вашингтон билан мулоқотга ҳозирланмоқда.

Мусулмон Зиё, ЎзА