«Бошқарма бошлиғи кубоги» мини-футбол мусобақасига старт берилди

Қорақалпоғистон Республикасида ҳар йили анъанавий тарзда ўтказиладиган мини-футбол бўйича «Бошқарма бошлиғи кубоги» спорт мусобақаси тантанали равишда старт олди.
Ушбу мусобақа Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси ташаббуси билан ташкил этилмоқда. Тадбирда ижтимоий ҳимоя тизимида меҳнат қилаётган ходимлар, бошқармага қарашли ташкилот ва муассасалар вакиллари ҳамда ёшлардан иборат 300 га яқин спортчи иштирок этмоқда.
Очилиш маросимида сўзга чиққан Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси бошлиғи С.Данияров барча иштирокчилар ва меҳмонларни қутлаб, мусобақанинг аҳамияти ҳақида тўхталди.

— Бундай спорт тадбирлари соғлом турмуш тарзини тарғиб этишда ва жамоалар ўртасида ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашда муҳим аҳамиятга эга. Барча жамоаларга мусобақада омад тилайман, — деди у.
Мусобақанинг дастлабки босқичида гуруҳ ўйинлари бўлиб ўтди. Қизғин беллашувлардан сўнг ярим финал йўлланмасини қўлга киритган жамоалар қуйидагилар бўлди:
Қанликўл тумани жамоаси
Амударё тумани жамоаси
Нукус тумани «Инсон» ижтимоий хизматлар маркази жамоаси
Чимбой «Мурувват» эркаклар интернат уйи жамоаси.

Ташкилотчиларнинг таъкидлашича, мусобақа нафақат спортчиларнинг маҳоратларини намойиш этиш, балки жамоавий руҳ ва дўстона муҳитни янада кучайтириш мақсадини ҳам кўзлайди.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги