Мажбурий талабларни қисқартириш орқали тадбиркорларга қулай шарт-шароит яратилади
Мамлакатимизда лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомилларини янада такомиллаштириш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Давлат хизматларини кўрсатишда бюрократия ва маъмурий тўсиқлар бартараф этилаётир. Аҳолининг масофадан туриб электрон давлат хизматларидан мустақил равишда фойдаланиш имкониятлари кенгайтирилмоқда.

Сенатнинг тўққизинчи ялпи мажлисида муҳокама қилинган “Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонунда шу жиҳатлар эътиборга олинган.
Қонун юзасидан маъруза қилган Сенатнинг Бюджет ва иқтисодий масалалар қўмитаси раиси ўринбосари Қобил Турсунов лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари талаблари бузилганидан кейин ҳуқуқбузар томонидан жарима ихтиёрий равишда тўланганда жарима миқдорига нисбатан имтиёз қўллаш амалиётини жорий этиш зарурати юзага келаётганига алоҳида урғу берди.
Худди шундай жарима солиш тўғрисидаги қарорларни махсус электрон тизим воситасида расмийлаштириш, лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомилларини Ўзбекистон Республикаси норезиденти бўлган чет эл юридик шахслари томонидан амалга ошириш борасида айрим очиқ қолган масалаларни ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солиш зарурияти юзага келмоқда.

Қонун билан “Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида”, “Давлат божи тўғрисида”, “Ёнғин хавфсизлиги тўғрисида”, “Экспорт назорати тўғрисида” ва “Туризм тўғрисида”ги қонунларга, шунингдек, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги ҳамда Божхона кодексларига лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомилларини такомиллаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш назарда тутилмоқда.
Мазкур ўзгартириш ва қўшимчалар лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомилларини соддалаштиришга, ҳуқуқбузар томонидан жарима ихтиёрий равишда тўланган тақдирда унга нисбатан имтиёзлар қўлланилишини, лицензиялаш тартиб-таомиллари давлат хизматлари марказлари орқали ҳам амалга оширилишини таъминлашга хизмат қилади.
Сенаторлар маъқуллаган қонун тадбиркорлик соҳасидаги мажбурий талабларни қисқартириш орқали тадбиркорлик фаолиятини амалга оширишда қулай шарт-шароитлар яратишга хизмат қилади.
Н.Абдураимова, Н.Ҳайдаров (сурат), ЎзА