Одам савдосига қарши курашиш бўйича минтақавий конференцияда Ўзбекистон тажрибаси тақдим этилди

75

Тожикистон пойтахти Душанбе шаҳрида “Одам савдосига қарши курашишда миллий ва халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш” мавзусида минтақавий конференция бўлиб ўтди.

Унда Сенатнинг Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитаси раиси ўринбосари Одилжон Маматкаримов иштирок этди.

Тадбир доирасида одам савдоси мураккаб ижтимоий-ҳуқуқий муаммо сифатида кўриб чиқилиб, унинг трансмиллий уюшган жиноятчилик билан боғлиқ жиҳатлари муҳокама қилинди. Анжуманда минтақадаги вазият, қабул қилинган чора-тадбирлар, халқаро ҳамкорликнинг аҳамияти ва қўшма ечимлар юзасидан фикр алмашилди.

Сенатор ўз чиқишида одам савдосига қарши курашиш масаласида Ўзбекистонда амалга оширилаётган тизимли ислоҳотлар ҳақида батафсил маълумот берди. Хусусан, ушбу соҳадаги қонунчилик базаси такомиллаштирилгани, жиноий жавобгарлик кучайтирилгани, жабрланувчиларни аниқлаш бўйича миллий тизим жорий этилгани таъкидланди.

Сенат Раиси раҳбарлигидаги миллий комиссия фаолияти, миллий маърузачи институти, халқаро конвенцияларнинг имплементацияси ва минтақавий ҳамкорликнинг кучайтирилиши долзарб аҳамият касб этиши қайд этилди. Бухоро декларацияси ва унинг асосида ташкил этилаётган анъанавий конференциялар бу соҳада самарали платформалардан бири экани алоҳида эътироф этилди.

Анжуман якунлари бўйича одам савдосига қарши курашишда минтақавий ҳамкорликни кучайтириш, ахборот ва тажриба алмашиш, амалий тавсиялар ишлаб чиқиш борасида аниқ мақсадлар белгилаб олинди.

Н.Абдураимова, ЎзА