Сенатнинг тўққизинчи ялпи мажлиси ўз ишини бошлади

143

Бугун, 2025 йил 1 август куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг тўққизинчи ялпи мажлиси ўз ишини бошлади.

Унда Сенат ва Ҳукумат аъзолари, вазирлик ва идоралар раҳбарлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этмоқда. Мажлис видеоконференцалоқа тизимидан фойдаланган ҳолда ўтказилмоқда.

Сенат Раиси Танзила Норбоева бошқариб бораётган ялпи мажлис кун тартибига мамлакатимиз ижтимоий-иқтисодий, инсон ҳуқуқлари соҳаларида амалга оширилаётган ислоҳотларни янада ривожлантиришга қаратилган муҳим масалалар киритилган.

Жумладан, лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари янада такомиллаштирилиши муносабати билан айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш, мувофиқликни баҳолаш органларининг масъулиятини янада ошириш ҳамда маҳсулотларни ўз ихтиёри билан чақириб олган тадбиркорларга енгиллик беришга қаратилган қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш, шунингдек медиация институтини такомиллаштиришга қаратилган ўзгартиришларга доир қонунлар муҳокама қилинади.

Сенат аъзолари томонидан “Халқаро метрик Конвенцияга (Париж, 1875 йил 20 май, 1907 йил 17 октябрдаги, 1913 йил 11 октябрдаги ва 1921 йил 6 октябрдаги ўзгартириш ва қўшимчалар билан) Ўзбекистон Республикасининг қўшилиши ҳақида”ги қонун кўриб чиқилади.

Бош прокурорнинг прокуратура органларининг 2024 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботи эшитилади. Бундан ташқари, ҳудудларда инфратузилмани ривожлантириш ва қурилишларни тартибга солиш бўйича кўрилаётган чоралар юзасидан Вазирлар Маҳкамасига ҳамда доривор ўсимликларни етиштириш, қайта ишлаш, уларга квота ажратиш ҳамда соҳада илмий тадқиқотлар олиб бориш юзасидан эса тегишли вазирга парламент сўровлари юбориш масалалари ҳам муҳокама қилинади.

Тўққизинчи ялпи мажлиснинг кун тартиби давлат бошқаруви, иқтисодиёт, соғлиқни сақлаш, таълим, суд-ҳуқуқ соҳаларидаги ислоҳотлар самарадорлигини оширишга хизмат қиладиган масалаларни қамраб олган.

Ялпи мажлис доирасида ҳукумат аъзолари, тегишли вазирлик ва идора раҳбарларининг ахборотларини эшитиш ҳамда жойларда амалга оширилаётган ишлар юзасидан атрофлича муҳокамалар олиб бориш режалаштирилган.

Ялпи мажлисда кўриб чиқиладиган барча масалалар ҳақида батафсил ёритиб борамиз. Бизни кузатиб боринг!

Норгул Абдураимова, Носиржон Ҳайдаров (сурат), ЎзА