Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги тизимидаги дам олиш масканларига дам олувчиларни қабул қилиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди

144

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси “Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги тизимидаги дам олиш масканларига дам олувчиларни қабул қилиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида” қарор қабул қилди.

Унга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги тизимидаги дам олиш масканларига дам олувчиларни қабул қилиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.

Низомда: 

дам олиш масканларида дам олувчи илғор педагоглар ва иқтидорли ўқувчилар сонини шакллантириш ҳамда ушбу масканларга уларни қабул қилиш;

йўлланмалар бериш бўйича комиссиялар фаолиятини ташкил этиш ва мувофиқлаштириш;

илғор педагоглар ҳамда иқтидорли ўқувчиларни саралаб олиш мезонларини белгилаш;

иқтидорли ўқувчиларни дам олиш масканларига келиш ва кетишларини ташкил қилиш тартиби белгилаб берилган.

Қарорга кўра, дам олиш масканларини сақлаш харажатлари ўзини ўзи молиялаштириш тартибида Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги тизими ходимлари ва фуқароларга пулли хизмат кўрсатишдан тушадиган маблағлар ҳисобидан ҳамда давлат-хусусий шериклик шаклида хусусий секторни жалб қилган ҳолда амалга оширилади.

Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги икки ой муддатда:

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Камбағалликни қискартириш ва бандлик вазирлиги билан биргаликда Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги тизимидаги дам олиш масканларининг намунавий штатлар жадвалини ишлаб чиқиб, тасдиқлайди;

манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ушбу қарорга мувофиқлаштиради.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 21 июндаги ПҚ-231-сон қарори билан тасдиқланган Мактабгача ва мактаб таълими ташкилотлари раҳбар, педагог ва мутахассис кадрларини узлуксиз касбий ривожлантириш тизимини такомиллаштириш бўйича чора-тадбирлар дастурида Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги тизими ходимлари, жумладан, педагог кадрлар ҳамда иқтидорли ўқувчилар учун дам олиш масканлари фаолиятини ташкил этиш белгиланган эди.

ЎзА