Волейбол: Ўзбекистон U-19 терма жамоаси жаҳон чемпионатининг 9-16-ўринлари учун курашади
Мамлакатимизда давом этаётган волейбол бўйича U-19 эркаклар миллий терма жамоалари ўртасидаги жаҳон чемпионатининг 1/8 финал ўйинлари ортда қолди.
Кеча Тошкентдаги “Юнусобод“ спорт саройи ҳамда Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети мажмуаларида ўтган баҳслар сарҳисобига кўра, 1/8 финалда олтита Европа ва иккита Осиё терма жамоаси кейинги босқич йўлланмаларини қўлга киритди.

Мазкур жаҳон чемпионатида Ўзбекистон U-19 терма жамоаси гуруҳ босқичида 2 та ғалаба эвазига 4-ўринни эгаллаб, 1/8 финал босқичида қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритгани эътиборли бўлди.
Волейболчи йигитларимиз 1/8 финалда жаҳон рейтингида 3-ўринда турадиган Италия термаси билан рўбарў келди. Европа мамлакати вакиллари гуруҳ босқичида Испания, Эрон, Польша каби жамоаларни ортда қолдириб, гуруҳда 1-ўринни эгаллаган жамоа ҳисобланади.

Катта тажрибага эга итальянлар билан мамлакатимизнинг эндигина халқаро майдонда тажриба тўплаб келаётган волейболчилари ўйин услубидаги фарқ 3 та сетда ҳам яққол кўзга ташланди. Қайсидир вазиятларда Ўзбекистон U-19 терма жамоаси европаликларни ҳимояланишга ҳам мажбур этди. Бироқ, тажриба ва техник-тактик устунлик Италия U-19 жамоасига ғалаба келтирди. Италия-Ўзбекистон-3:0.
1/8 финалда Болгария АҚШ терма жамоасини тенг курашлар остида ўтган ўйинда 3:2 ҳисобида доғда қолдирган бўлса, Польша Покистонни худди шу ҳисобда 1/4 финалдан мосуво этди. Аргентина Испанияни, Франция Бразилияни, Жанубий Корея Хитойни, Финляндия жамоаси Японияни 3:0 кўринишларида таслим қилди. Эрон ва Бельгия ўртасидаги ўйинда осиёликлар европаликларни 3:1 кўринишида совринли ўринларга даъвогарликдан чиқариб юборди.

Жаҳон чемпионатининг 17-24-ўринлари учун ўтказилган плей-офф ўйинларида Туркия Тунисни беш сетда 3:2 ҳолатида мағлуб этди. Пуэрто-Рико – Миср баҳси, шунингдек, Куба – Жазоир “дуэли”да 3:0 ҳисоблари қайд этилди. Колумбия Канадани 3:1 ҳисобида таслим қилди ва 17-20-ўринлар учун курашиш имкониятига эга чиқди.
Бугун, 31 июль жаҳон чемпионати дастурига биноан дам олиш куни сифатида белгиланган.
Эртага 1 август куни 1/4 финалда Жанубий Корея – Польша, Франция – Италия, Испания – Болгария, Финляндия – Эрон жамоалари куч синашса, 9-16-ўринлар учун кечадиган баҳсларда Ўзбекистон – Бразилия, Хитой – Покистон, Аргентина – АҚШ, Болгария – Япония жамоалари кураш олиб боради. 17-20-ўринлар учун Туркия – Куба, Пуэрто-Рика – Колумбия тўқнаш келса, 21-24-ўринлар учун Тунис-Жазоир, Миср-Канада ўйинлари бўлиб ўтади.
Чемпионат 3 августга қадар давом этади.
Тўлқин Рўзиев,
ЎзА